Бош вазир қабулхонасининг Сергели тумани бўлими ва прокуратура билан ҳамкорликда ташкил қилинган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад божхона соҳасидаги сўнгги янгиликлар ва қонунчиликдаги ўзгаришларни батафсил етказишга қаратилди.
Яқинда янги манзилда иш бошлаган мазкур божхона постининг шаҳар четидан марказга кўчганидан, натижада йўл учун сарфланган вақт ва харажатнинг тежалишидан энг аввало тадбиркорлар мамнун.
Рақамларга мурожаат қилсак, “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости орқали жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида 290 млн. АҚШ доллари қийматидаги товарлари экспортга расмийлаштирилди. Ушбу давр мобайнида 38 мингга яқин божхона юк декларациялари расмийлаштирилган бўлса, шундан 10392 та, яъни салкам 27 фоиз ҳолатдагина божхона кўриклари ўтказилди. 27 мингдан зиёд декларациялар эса яшил ва сариқ йўлакларга йўналтирилди.
Келгуси йилдан бошлаб соҳада яна бир инновацион янгиликка кўл урилмоқда. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг тавсия ва тамойилларига тўла жавоб берадиган “Ягона дарча” божхона ахборот тизимини жорий этиш борасида ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур тизим орқали ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ваколатли органлардан рухсат беришга доир ҳужжатларни олишлари ва божхона органларига тақдим қилишлари мумкин. Бу эса табиийки, истиқболда мамлакатда бизнесни юритиш жараёнларини янада тезлаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилади.
2019 йилда тадбиркорларни божхона соҳасида қўллаб-қувватлашга, рағбатлантиришга қаратилган яна бир янгиликка қўл урилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 апрель куни “Ваколатли иқтисодий оператор институтини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 363-сон қарорга асосан илгари амалиётда умуман кузатилмаган янги тушунча – юридик шахслар учун ваколатли иқтисодий оператор мақоми жорий қилинди.
Содда қилиб айтганда, ҳалол, қонунга итоаткор тадбиркорларга қўшимча ваколатлар ва енгилликлар берилади. Масалан, уларнинг товарлари божхонада бирон бир навбатларсиз, божхона тўловларини кечиктириб тўлаган ҳолда расмийлаштирилади, юкларни эса ўзларининг омборларига туширишга рухсат берилади.
Ҳозирги кунда республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай мухит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг хуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, солиқ тизими тубдан ислоҳ қилинди, рухсат берувчи хужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди.
Тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш билан бирга уларнинг масъулияти ҳам оширилмоқда, яъни қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилмайдиган тадбиркорларнинг жавобгарлиги оширилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги “Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-577-сон Қонунининг мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартиришлар киритилди.
Жумладан,
– 4 та моддаларда жарима санкциялари кучайтирилди (2278, 2279, 22716, 22718-моддалар)
– 2 та моддаларда хуқуқбузарликни такрор содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди (22710, 22720-моддалар)
– 7 та моддаларда таҳририй ўзгартиришлар киритилди (22719, 22721, 22722, 22725, 22726-моддалар)
Жумладан, 2278-моддаси (Божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситалари билан ғайриқонуний операциялар, шунингдек божхона органининг рухсатисиз юк операциялари ва бошқа операциялар ўтказиш) бешинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транспорт воситаларини тасарруф этганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.
22718-моддаси (Муайян божхона режимига жойлаштирилган товарлар ва транспорт воситалари билан ғайриқонуний операцияларни амалга оширганлик) учинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра муайян божхона режимига жойлаштирилган товарлар ва транспорт воситаларини ушбу божхона режими талабларига мувофиқ бўлмаган тарзда тасарруф этганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.
2279-моддаси (Божхона идентификациялаш воситаларини ўзгартириш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки йўқотиш) билан божхона идентификациялаш воситаларини ўзгартириш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки йўқотиш, шунингдек божхона назорати остида турган транспорт воситаларининг юкхонасини, юкланган товарларни қонунга хилоф равишда очганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.
Шунингдек, 22710-моддаси (Товарлар ва транспорт воситаларини декларациялаш тартибини бузиш) ҳамда 22720-моддасида (Тижорат мақсадлари учун мўлжалланмаган товарлар ниқоби остида Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этганлик учун кучайтирилган жарима жазоси белгиланди.
Бундан ташқари, 22716-моддаси (Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқмаслик ёки уларни ушбу ҳудудга қайтариб олиб кирмаслик) учинчи қисм билан тўлдирилди. Унга кўра илгари олиб кирилган товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқмаганлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин ўттиз кун ичида уларни Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқмаслик, агар бундай олиб чиқиш шарт бўлса, — товарларни ва транспорт воситаларини мусодара қилишга сабаб бўлади.
Мазкур қонун 2020 йилнинг 2 февралидан эътиборан кучга киради.
Учрашув сўнгида ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамига қўнғироқ қилиши ёки бевосита бошқарманинг (78)120-76-76 телефон рақамига мурожаат қилиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.
29.11.2019