Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Жартепа”дан 225 минг йўловчи ўтди
2292
Жорий йилнинг 1 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари давлат чегарасидаги бир қатор ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланиб, икки давлат фуқароларининг ўтиб-қайтишлари учун кенг шароит яратилган эди.
“Жартепа”дан 225 минг йўловчи ўтди

Жумладан, Самарқанд вилояти Ургут туманида жойлашган “Жартепа” чегара божхона пости ҳам фаолият кўрсата бошлаган эди. 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, чегара орқали ҳаракатланувчи фуқароларга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида божхона пости замонавий рентген аппарати, кузатув камералари, техник назорат воситалари ва жиҳозлари билан таъминланган. Масканда фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар ва моддий бойликлар меъёри ҳамда валюта қимматликлари тўғрисидаги маълумотлар ўзбек, тожик ва рус тилларида жойлаштирилган. 

Ўтган давр мобайнида мазкур чегара божхона пости орқали жами 225 минг нафардан ортиқ йўловчи, 17 минг 200 га яқин автотранспорт воситаси ҳаракатланди. 

Бу имкониятдан икки мамлакат тадбиркорлари ҳам самарали фойдаланмоқда. Биргина жорий йилнинг 21 апрель куни Самарқанд шаҳрида Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Суғд вилояти ишбилармон доиралари иштирокида ўтказилган бизнес-форумда 95 миллион 147 минг долларлик 170 шартнома имзоланган эди. Айни пайтда мазкур келишувлар асосида икки томон ўзаро товар ва хизматлар айирбошлаш борасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

13.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг