Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупция – жамият кушандаси
1685

“Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз”

Ш.М.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган. Бировнинг ҳақидан ҳазар қилган.

Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас.

Коррупция – нафақат инсон ҳуқуқлари бузилишига, балки хавфсизликка таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига ҳам шароит яратувчи хавфли жиноят саналганлиги учун ҳам уни ҳозирда жамиятимиз олдида турган энг катта таҳдид сифатида баҳолаш мумкин.

Хусусан, БМТ таҳлилларига қараганда, айнан коррупция туфайли дунё иқтисодиёти ҳар йили 2,6 трлн. доллар зарар кўрмоқда. Бу жаҳон ялпи маҳсулотининг тахминан 5 фоизини ташкил этади. Шунингдек, жаҳон бўйича пора сифатида тақдим қилинаётган маблағ 1,0 трлн. АҚШ доллар миқдорида бўлиб, бу гуманитар ёрдамлардан қарийб 10 баробар ортиқдир[1].

Шу ўринда, республикамизда 2018 йилда 1177 нафар мансабдор шахс коррупцияга қўл ургани учун жавобгарликка тортилганлиги ҳам бу иллатнинг жамиятимиз ривожи салбий таъсирини намоён қилмоқда.

Бунинг натижасида, Transparency International Халқаро коррупцияга қарши ташкилоти эълон қилган 2018 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексида (Corruption Perception Index) Ўзбекистон 100 баллик индекс бўйича 2017 йилга нисбатан 1 балл кўпроқ натижа қайд этди - 23 балл тўплаган бўлсада, бироқ мамлакат рейтинги 1 бандга пастлаб, 180 давлат ва ҳудудлар орасида 158-ўринни эгаллади.

Шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамият ҳаётида муаммоларни ҳал этишда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, миллийлигимиз ва менталитетимизга мос келадиган усулларни тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Ҳозирда, коррупцияга қарши курашиш бўйича Сингапур тажрибаси энг мувофаққиятли амалиётлардан бири ҳисобланади.

Сингапурнинг коррупцияга қарши сиёсати бу миллий қадриятларга амал қилишдан кўра кўпроқ зарурият туфайли амалга оширилди. Сингапур хорижий инвестицияларни мамлакатга жалб қилиш учун уларни нотўғри мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқарди.

Трансперенси Интернейшнл (Transparency International) ташкилоти эълон қилган 2009 йил мамлакатларнинг коррупциялашганлиги даражасини акс эттирувчи рейтингда Сингапур коррупция даражаси паст бўлган учинчи, Осиё мамлакатлари ичида эса, биринчи ўринда туриши қайд этилди. Сингапурда коррупцияга қарши курашга раҳбарлик бевосита сиёсий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади ва бу жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланади.

Мамлакатнинг коррупцияга қарши курашга ихтисослашган орган Коррупция ҳодисаларини тергов қилиш Бюроси ҳисобланади. Бу мустақил орган коррупция билан боғлиқ ишларни тергов қилади ва Сингапур иқтисодиётининг давлат ва хусусий секторида унинг олдини олиш чора-тадбирларини кўради.

Бюро 1952 йилда ташкил этилган, унинг ваколатлари “Коррупциянинг олдини олиш тўғрисида”ги Актда белгилаб қўйилган. Бюрога давлат хизматида ҳалоллик ва сотилмаслик принципи амал қилиши, хусусий секторда коррупция аралашмаган битимлар тузилиши учун жавобгарлик юклатилган.

Шунингдек, унинг вазифалари қаторига давлат мансабдор шахсларининг ўз вазифаларини суистеъмол қилиш ҳолатларини текшириш ва шундай ҳолатлар аниқланганда тегишли органларга интизомий жавобгарликка тортиш ҳақида маълумотлар бериш вазифалари ҳам киради.

Бюро давлат органларининг коррупциялашиши сабабларини, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган давлат хизматининг заиф томонларини ҳам ўрганади. Унинг раҳбари директор ҳисобланади ва бевосита Бош вазир олдида ҳисобдор саналади. Бу бирор-бир вазирнинг унинг фаолиятига аралашишига, терговни тўхтатиш ва бошқача таъсир қилиш мумкин эмаслигига хизмат қилади. Шунингдек, Сингапур Молия вазирлиги 1973 йил июль ойидан бошлаб махсус коррупцияга қарши кураш Дастури амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинмоқда.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг, республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси остида ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлардаги коррупцион жиноятларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар дунёнинг ривожланган давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Жумладан, Президент қарорлари билан 2017-2018 ва 2019-2020 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Дастурлар ижросини таъминлаш мақсадида 9 та қонун лойиҳаси тайёрланди. 2017 йилда “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлса, 2018 йилда “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди ва кучга кирди. “Давлат хизмати тўғрисида”ги, “Давлат ва хусусий шериклик тўғрисида”ги, “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ҳамда “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастури” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида биргина прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойида 4,6 мингдан зиёд тарғибот тадбирлари ўтказилди. Шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида коррупцияга қарши курашиш тарғиботига оид чиқишлар кескин кўпайтирилди.

Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Амалга оширилган ишлар бир қаторда соҳада қатор камчиликлар ҳам мавжуд.

Коррупция жинояти унга алоқадор бўлган ҳар икки томонлар манфаати асосида содир этилганлиги учун ҳам у латент жиноят ҳисобланади. Шу сабабли, коррупция жиноятлар тўғрисида хабар бериш бўйича амалга оширилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари самарасиз қолмоқда.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда иштирок этаётган органлар ҳамда ташкилотлар томонидан ахборот-таҳлилий фаолит бўйича ишлар етарлича амалга оширилмай қолмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш орқали жамиятимиздаги ўз ечимини топилишини кутиб ётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этилишига ва ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз имкониятларини кенгайишига ҳамда иқтисодиётимизга инвестиция оқимини ортишига имкон яратади.

 

Сарварбек Раҳимов,

Давлат божхона қўмитаси ходими

 

[1] https://www.oecd.org/cleangovbiz/49693613.pdf

26.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг