Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Йирик миқдордаги пиротехника воситалари йўқ қилинди
1456
Одатда янги йил яқинлашиб келиши билан, пиротехника воситаларини республикамиз ҳудудига олиб киришга ва ноқонуний савдосига уринишлар кўпаяди.
  Йирик миқдордаги пиротехника воситалари йўқ қилинди

Давлат божхона қўмитаси томонидан ушбу йўналишда божхона назорати кучайтирилган бўлиб, бундай маҳсулотларни ноқонуний муомаласига қарши қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Давлат божхона қўмитаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузулишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилояти Зангиота туманида ўтказилган тезкор тадбирда, А.А. исмли шахс хеч қандай ҳужжатлари бўлмаган хорижда ишлаб чиқарилган 67290 дона пиротехника воситаларини ноқонуний сотаётган вақтда қўлга олинди.

Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Шунингдек,  Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги  бузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари Бухоро вилоятида рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамият номига олиб келинган ёғоч маҳсулотлари орасига йирик миқдордаги пиротехника воситалари ва биофаол қўшимчалар яширилганлигини аниқлаб, мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди ҳукмига мувофиқ умумий қиймати 4 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқни ташкил этувчи 102 118 дона пиротехника воситалари ҳамда 5 613 дона сифати кафолатланмаган биофаол қўшимчалар Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда тегишли идоралар вакиллари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда йўқ қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан пиротехника воситаларини ноқонуний айланишининг олдини олиш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лицензиясиз пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш тақиқланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддаси билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кирганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 2501-моддада (Пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи) пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш анча миқдорда ёхуд шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

24.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг