Пиротехника воситаларини яширин йўллар билан олиб киришга бўлган уринишларга қарши божхона органлари томонидан тизимли равишда кураш олиб борилмоқда. Жумладан, Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида яна бир “пиротехника операцияси” фош этилди.
Тезкор тадбир давомида фуқаро Т.И. бошқарувидаги “Nexia” русумли автотранспорт воситаси кузатувга олинди ҳамда Бўз тумани ҳудудида тўхтатилди. Фуқаро Т.И. туманнинг А.Икромов кўчасида шартли ҳаридорга қиймати 10 миллион сўмлик 57600 дона пиротехника воситаларини сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шундан сўнг автомашина тегишли тартибда холислар иштирокида кўздан кечирилганида жами бўлиб умумий қиймати 10 000 000 сўмлик 2 турдаги 1000 қутига яқин номли пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ф.Каримов
Андижон вилояти божхона бошқармаси