Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз!
1762
Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда коррупция халқаро муаммога айланди ва бу масалага жуда жиддий эътибор қаратиляпти. Айниқса, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим вазифалардан бири этиб белгилаб қўйилди.
Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз!

Шундан келиб чиққан ҳолда Жиззах вилояти божхона бошқармаси томонидан коррупциянинг олдини олиш, унга қарши кескин курашиш, бу борада  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари туғрисида”ги ПФ-5927-сон Фармони талаблари асосида ҳам муайян ишлар йўлга қўйилган. Хусусан, жамиятда мазкур салбий иллатнинг олдини олиш, унга қарши муросасиз курашиш борасида тадбиркорлар, аҳоли, кенг жамоатчилик вакиллари ва шахсий таркиб билан турли учрашувлар, давра суҳбатлари мунтазам ташкил этиб борилмоқда.

Аниқ маълумотларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг шу даврига қадар Жиззах вилояти божхона бошқармасига мурожаат қилиб келган тадбиркорлар, ТИФ қатнашчилари ва чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган фуқаролар ўртасида божхона ходимларининг иш фаолияти юзасидан 3 маротаба аноним сўровномалар ўтказилди. Сўровномаларда тадбиркорлик йўналишда 46 нафар ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, чегара божхона постлари фаолияти билан боғлиқ йўналишда эса 45 нафар йўловчилар иштирок этди ва уларнинг мурожаатлари таҳлил қилиб борилмоқда. Қолаверса, Ўз хавфсизлик гуруҳи томонидан 2019 йил январь-октябрь ойи давомида жами 11 маротаба умумий профилактик йиғилишлар ташкил этилиб, 21 нафар ходимлар билан якка тартибда суҳбат ўтказилди.

Шунингдек, бошқарма томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, мавзуга оид видеолавҳалар ва  материаллар мунтазам ёритиб борилмоқда. 2019 йилнинг январь-июль ойларида коррупцияга қарши курашиш йўналишида ОАВда жами 173 маротаба чиқишлар қилинган бўлиб, шундан телевидениеда 40 та, газетада 21 та, радиода 54 та, интернет сайтларида 58 тани ташкил этади.

Шу билан бирга, 2019 йил август ойида бошқарманинг тегишли бўлимлари билан ўзаро ҳамкорликда тадбиркорлар ва фуқаролар учун коррупцияга қарши курашиш бўйича видеоролик тайёрланиб, чегара ҳамда ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида тадбиркорлар ва фуқаролар эътиборига етказилди.  

Бундан ташқари, Жиззах вилоят телерадикомпанияси билан ҳамкорликда жорий йил октябрь ойида “Коррупцияга қарши курашиш оиладан бошланади” мавзусида қисқа метражли видеоролик тайёрланди ва ходимлар эътиборига етказилди

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Жиззах вилояти божхона бошқармасида (0372) 223-28-39  рақамли “Ишонч телефони”нинг мунтазам йўлга қўйилганлиги ушбу салбий иллатнинг олдини олиш ва унга қарши курашда муҳим аҳамиятга эга. Негаки, соҳага оид бирор бир таклиф ва мулоҳазалар юзага келганда фуқаролар бемалол мазкур рақамларга боғланишлари мумкин.

Олиб борилган бу каби профилактик тадбирлар натижаси ўлароқ, жорий йилнинг шу даврига қадар Жиззах вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан умуман коррупцион ҳолатлар содир этилмади. Буни  фуқаролар томонидан салбий ҳолатлар акс эттирилган ариза ва шикоятлар келиб тушмаганлигидан ҳам билиш мумкин.   

Хулоса ўрнида айтганда, коррупцияга қарши курашда фақатгина меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш ёки жамоатчилик ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиш етарли эмас. Бунда ҳар бир шахс ўзининг виждонига, мустаҳкам иродасига эга бўлиб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалсалтиришга ўз ҳиссасини қўшсагина коррупцияга қарши том маънода самарали кураш олиб бориш мумкин.

 

23.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг