Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони ва «Ёшлар — келажагимиз» Давлат дастури ижросини таьминлаш доирасида ташкил этилган учрашувлардан кўзланган асосий мақсад божхона тизимида ёш ходимларнинг хизматни ўташлари учун яратилган шарт-шароитлар ҳамда ушбу йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарадорлигини бевосита жойига чиқиб ўрганиш, божхона органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар томонидан ножўя ҳатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олишга қаратилгандир.
Учрашувларда республикада ёшларни қўллаб-қувватлашга оид давлат сиёсати ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлигини, Республика Президенти ва Ҳукумати томонидан божхона тизимига берилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитларни тушунтириш, бу ғамхўрликни қадрлаш, ходимларни Ватанга садоқат билан виждонан, ҳалол хизмат қилишга даъват этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтилди.
Давлатимиз томонидан барча соҳаларда бўлгани каби, божхона соҳасида ҳам ходимларни доимий равишда моддий ва маънавий рағбатлантириш, хусусан, соҳа инфратузилмасини тубдан такомиллаштириш, ходимлар учун меҳнат ва яшаш шарт-шароитларини янада яхшилаш борасида ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда. Бу борада амалга оширилаётган ишлар ёш ходимларни янада фаол бўлишга, Ватан ва халқ олдидаги садоқатли бурчини бажаришда кўмак бўлади.
Учрашувлар давомида ёш ходимлар ўз хизмат вазифаларини масъулият билан бажариши, мансаб ваколатини суистеъмол қилмаслиги, амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиши, порахўрлик ва таъмагирлик каби салбий иллатларга қўл урмаслиги, бу борада бевосита ота-оналарнинг ва оила аъзоларини ҳамкорлиги жуда ҳам муҳимлиги бўйича тегишли тушунтиришлар бериб ўтилди.
Хоразм вилояти божхона бошқармаси томонидан мунтазам равишда бу каби профилактик учрашувлар ва тарбиявий ишлар амалга ошириб келинмоқда. Эътиборлиси, ушбу жараёнга божхона ходимларининг ота-оналари ва оила аъзолари ҳам жалб қилиб келинмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ёшлар тарбияси барча замонларда, барча мамлакатларда энг муҳим масалалардан бири сифатида талқин этиб келинган. Бугунки кунда глобаллашув жараёнлари бу масалага янада жиддийроқ ёндашишни талаб этмоқда.
Дунё миқёсида рақобат, қарама-қаршилик ва зиддиятлар, айниқса, ёшлар онги ва қалбини ёт ғоялар билан эгаллашга бўлган уринишлар каби хатарлар кучайиб бораётган бир вақтда, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларга берилаётган эътиборлар, ёшларни илҳомлантиради, янги ташаббусларга ундаб, янада юксак марраларни забт этишлари учун замин бўлади.
Хоразм вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
13.08.2018