Унда вилоят прокуратураси, вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти, Олий ҳарбий божхона институти курсантлари, янги ишга қабул қилинган ёш божхона ходимлари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни давлатимиз мустақиллигини асраб-авайлаш, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш, божхона тизимида коррупциянинг олдини олиш, ходимлар ўртасида соғлом муҳитни яратиш ва ёш божхоначиларни маънавий жиҳатдан уқувини ошириш мақсадида ташкил қилинди.
Тадбирни очар экан, Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов Истиқлол халқимизнинг тинч, осуда ва фаравон ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.
Шу кунларда жойларда буюк ва бебаҳо неъмат — Мустақиллигимизнинг 27 йиллигини «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётир.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев жуда кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатни суистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида гапирадилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мутасаддиларига асосий вазифа сифатида қўяди. Жамият тараққиёти кушандаси бўлган ушбу иллатга қарши курашиш йўлида аёвсиз кураш олиб борилаётгани ўзининг самарасини ҳам бермоқда. Шу сабабли ҳам республикамизда мазкур жиноятнинг олдини олиш, унга қарши самарали курашишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан бошқарма ходими А.Қиличов бу иллатга қарши курашишда вилоят божхона бошқармаси томонидан олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
– Хусусан, божхона тизимида шаффофликни таъминлаш механизмини ташкил этиш, божхона хизмати органларини ҳалол, юқори малакали ходимлар билан тўлдириш, соҳада суистеъмолчилик ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ҳар бир ходимнинг иш кўрсаткичларини баҳолайдиган рейтинг тизими жорий этилди. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вилоят божхона бошқармасида 233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” фаолият олиб бормоқда – деди ўз сўзида А.Қиличов.
Шунингдек, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига асосан аҳоли ўртасида социологик сўровлар ўтказилди. Ўтказилган сўровлар таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда берилган таклифларни ўрганиб чиқиш мақсадида ДБҚга ва бошқа мутасадди ташкилотларга маълумотлар тақдим этилган.
Тизимда коррупцияни олдини олиш мақсадида 2018 йил 18 июлда Вазирлар Маҳкамасининг 553-сон қарорига кўра уй-жой ва кўп қаватли уй сотиб олиш учун сотиб олинадиган уй-жой қийматининг 75 фоизидан ошмайдиган ипотека кредитлари берилиши назарда тутилган. Бундан ташқари ҳозирда божхона ходимининг ўртача иш ҳақи миқдори 3,1 млн. сўмдан ошган. Ҳозирда бошқа вилоятлардан Самарқандга келиб хизмат қилаётган ходимларга 22 та хизмат уйлари ажратилган.
Тадбирда вилоят прокуратураси Уюшган жиноятчилик ва каррупцияга қарши кураш бўлими алоҳида муҳим ишлари бўйича катта терговчиси Ж.Рашидов маъруза қилди.
— Таҳлилларга кўра вилоят прокуратураси томонидан 2018 йилнинг ўтган даврида коррупцион жиноятларни фош этиш борасида 93 та жиноят ишлари қўзғатилган. Шундан 125 нафар мансабдор шахсларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилди. Жинояти фош этилган мансабдор шахсларнинг 3 нафари вилоят ва 122 нафари туман-шаҳар миқёсидаги идоралар, корхона ташкилот ва муассасаларда раҳбар лавозимларида фаолият кўрсатганлардир.
Уларнинг жиноятлари мамлакатимиз тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб, иқтисодиётга жами 5,8 млрд. сўмдан ошиқ миқдорида моддий зарар етказган.
Кун тартибидаги масалалардан сўнг мавзу юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан тайёрланган махсус фильм намойиш этилди.
Тадбир якунида Самарқанд вилоят мусиқали ва драма театри ижодкорлари томонидан саҳналаштирилган И.Султоннинг қаламига мансуб “Иймон” спектакли намойиш этилди.
Тадбирдан хулоса чиқарган ота-оналар ўз фикр-мулоҳазаларини баён этишди.
Малика Чоршанбаева,
божхона ходими Юсупов Санжарбекнинг онаси:
— Бугунги ўтказилган тадбир биз ота-оналар учун ибрат бўлди. Ҳукуматимиз божхоначилар учун яратиб бераётган шарт-шароитлар, уларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётганидан хабар топиб биз ота-оналар хурсанд бўлдик. Юқорида намойиш этилган видеофильмда тамагирлик қилган собиқ божхона ходимларининг тақдири аянчли якун топганидан тўғри хулоса чиқардик. Шу билан бирга “Имон” спектаклини томоша қилиб, асарда оиладаги поклик, жамиятда имон ва эътиқоднинг бутлиги, касбга садоқат, жиноятчиликка қарши курашиш ғояларини ўзида мужассам этганлиги барчамиз учун катта тарбия вазифасини ўтади. Тадбирдан хулоса шуки, биз ота-оналар фарзандларимиз тақдирига бефарқ бўлмасликни англаб етдик.
Самарқанд вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
13.08.2018