Таъкидлаш жоизки, коррупция нафақат бир давлатда, балки ер юзидаги барча давлатларнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсир этадиган иллатлардан биридир. Бу иллатга қарши курашиш доимо муҳим аҳамиятга эга долзарб масала бўлиб келган.
Коррупция энг аввало, уюшган жиноят тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланади. Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида глобал муаммолардан бирига айланган. Чунки ижтимоий-сиёсий тузумнинг такомиллашиб бориши ва иқтисодиётнинг ривожланишига қарамай, ҳозирги пайтда коррупция муаммосига дунёдаги ҳеч бир давлатда буткул барҳам берилган эмас.
Ҳар бир давлатнинг қонунчилигида коррупция ижтимоий хавфли қилмиш сифатида қораланади ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Коррупциянинг жамият ва давлат учун етказадиган зарари ҳаммамизга маълум. Бунда у энг аввало, мамлакатнинг давлатчилик асосларига, унинг сиёсий ва иқтисодий хавфсизлигига путур етказади. Шу билан бирга, фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига бўлган ишончини йўқотади.
Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноий-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Маълумки, коррупцияга қарши курашишнинг муҳим воситаларидан бири – бу ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимидир.
Давлат божхона хизмати органларида коррупция, ва бошқа салбий иллатларга қарши курашиш ҳамда уни олдини олиш мақсадида Божхона органларининг ўз хавфсизлиги бошқармаси ва унинг жойлардаги тузилмалари ташкил этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси, шунингдек барча чегара ва ТИФ божхона постлари томонидан аҳоли ўртасида доимий равишда коррупция иллати ва унинг салбий оқибатлари, коррупция ҳолатларига йўл қўмаслик ва унга қарши курашиш бўйича профилактик маърузалар, учрашувлар, суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда. Бунга божхона ходимларининг ота-оналари ва оила аъзоларини ҳам жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг 361-224-24-19 рақамли ишонч телефонлари жорий қилинган бўлиб, у орқали фуқаролар божхона қонунчилиги бузилишига доир юзасидан хабар беришлари мумкин.
22.11.2019