Шак-шубҳасиз жонажон Ўзбекистонимиз байроғи дунёдаги энг чиройли ва кўркам байроқлардан биридир. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва асло кам бўлмаслигимизни ифода этади. Ҳар сафар спорт ареналарида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида юртимиз байроғи юқори кўтарилганда қалбимизни қиёси йўқ ғурур ва ифтихор ҳислари эгаллаб олади.
Байроғимиздаги мовий ранг - мусаффо осмонимиз ҳамда оби-ҳаёт рамзидир. Оқ ранг - давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсоли. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлигидан далолатдир. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади.Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик билан ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.
Бугун ватанимизнинг барча гўшаларида байроғимиз қабул қилинганлигининг 28 йиллиги кенг нишонланмоқда. Ушбу тадбирлар Навоий вилоятида ҳам ўзгача шуқуҳда давом эттирилмоқда. Хусусан, божхона бошқармаси ва Ёшлар Иттифоқининг вилоят кенгаши билан ҳамкорликда “Навоий” халқаро аэропортида ўзига хос акция ташкил этилди. Акция давомида вилоятга хориждан ташриф буюрган юрдошларимиз ва чет эллик сайёҳлар, шунингдек чет давлатларга жўнаб кетаётган фуқаролар байрам муносабати билан муборакбод этилди.
Албатта, бу каби тадбирлар фуқароларда давлат рамзига бўлган ҳурмат янада мустаҳкамлайди.
Вилоят бўйлаб байрам тантаналари давом эттирилмоқда.
18.11.2019