Анжуманда, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари, Ахборот ва оммавий комуникациялар агентлиги ҳудудий бошқармаси мутасаддилари, тадбиркорлар, журналистлар, блогерлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.
Тадбир иштирокчиларига, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги ЎРҚ-577 қонуни мазмуни ва у билан киритилаётган ўзгаришлар тўғрисида маълумот берилди.
Жумладан, янги нормаларга кўра, илгари олиб кирилган-у, аммо олиб чиқилмаганлиги учун маъмурий жазо қўлланилган товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқишнинг аниқ муддати белгиланди. Энди олиб чиқиш шарт бўлган товарлар ва транспорт воситалари маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 30 кун ичида олиб чиқиб кетилиши шартлиги, акс ҳолда, мазкур товарлар ва транспорт воситалари мусодара қилиниши таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрда қабул қилинган “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлар учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4508-сон қарорининг мазмун-моҳияти баён этилиб амалиётдаги мисоллар билан тушунтирилди.
Тадбир давомида, анжуман иштирокчиларининг саволларига божхона ходимлари томонидан батафсил жавоб берилди ҳамда божхона соҳасида қабул қилинаётган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасига қўйиб келинаётганлиги таъкидланиб, мазкур муҳокамаларда ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг ҳам фаол қатнашишлари лозимлиги айтилди.
Матбуот анжумани якунида иштирокчиларга божхона органлари туну-кун ишлайдиган божхона соҳасидаги ҳар бир масала юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг 76-225-02-26 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.
20.11.2019