Бундан ташқари, оммавий ахборот воситаларида ҳам ўз лавозимини суистеъмол қилган давлат хизматчилари ва уларга нисбатан кўрилган чоралар бўйича маълумотлар бериб борилади. Шу билан бир қаторда барча давлат ташкилотлари ва жамоат бирлашмаларида коррупцияни олдини олиш мақсадида доимий равишда профилактик тадбирлар ўтказиб келинади. Бироқ, шунга қарамасдан коррупция ҳали ҳамон инсоният ривожига тўсиқ бўлаётган энг катта хавфлардан бири бўлиб қолмоқда.
Коррупциянинг ижтимоий хавфлилиги шундаки, – бу иллат мансабдор шахсларнинг жиноятчилар билан тил бириктириши натижасида жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий инқирозгача юз тутишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай хавфли қилмиш давлат ва жамият хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, коррупциянинг энг кўп тарқалган шакли бу маиший коррупция ҳисобланади. Чунки аксарият ҳолларда у инсонлар томонидан иллат сифатида эмас балки ишни тез битириш воситаси сифатида қаралади.
Коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар борасида гап кетганда эса биринчи навбатда икки хил маънони англатувчи қонунлар, аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги, мамлакатдаги иқтисодий-сиёсий вазиятнинг беқарорлиги, шунингдек режали иқтисодиёт, мамлакат бошқарув органлари фаолиятининг шаффоф эмаслиги асосий сабаблар сифатида кўрсатилади.
Бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги конвенциясига аъзо бўлиниши, “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг қабул қилиниши Республикамизда бу борадаги амалга оширилаётган ишларнинг долзарб аҳамият касб этишини англатади.
Бироқ, коррупцияга қарши курашда фақатгина меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар базасини такомиллаштириш ёки жамоатчилик ўртасида профилактик тадбирларни ўтказиш етарли эмас. Бунда ҳар бир шахс ўзининг иймон-эътиқодига, хаётда мустаҳкам позициясига эга бўлиб, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалсагина коррупцияга қарши том маънода самарали кураш олиб бориш мумкин.
Навоий вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
20.11.2019