Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз
1283
Бугун Ўзбекистонда улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Биз фуқаролар эса тарихий давр гувоҳимиз. Шу кунларда коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратининг роли кундан-кунга ортиб бораётгани ҳам айни ҳақиқат.
Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз

Сурхондарё вилоятини Тожикистоннинг Айвож ҳудудига туташ “Гулбаҳор” чегара божхона постидан ўтаётган фуқаролар билан ушбу мавзуда гаплашар экансиз, уларнинг фикрлаш доираси аввалги даврларидан кескин фарқ қилишини кўриш мумкин.         

Масалан, Тожикистонлик Элшод Хакбердиев Ўзбекистонга қариндошларини йўқлаш учун ўтаётганини билдирар экан, Ўзбекистон фуқаролари учун яратилаётган шароитлар, ободончилик ишлари, миллий армия тизими ва унда хизмат қилувчиларга берилаётган имтиёзлар замирида қонун устуворлиги, инсон манфаатлари олий даражада эканлигини сабаб қилиб кўрсатди.

Яна бир йўловчи Норгул Рахматова эса, қўшничилик муносабатларини тиклашда айнан Ўзбекистон диёрининг ташаббусини алоҳида таъкидлади. Божхоначилар томонидан бу каби ҳуқуқий-тарғибот суҳбатлар давомида кўпчилик фуқаролар мамлакатимизнинг ютуқларида коррупцияга муросасиз курашнинг натижаси эканлигини таъкидлашди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг коррупцияга оид моддаларида пора бериш жиноятига алоқадор шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда 30 сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлса, жиноятни очишда фаол ёрдам берса, у жавобгарликдан озод этилиши тўғрисидаги маълумотлар фуқароларни турли мулоҳазаларга чорлайди. Хусусан, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали механизмларига оид фикрларини деярли ҳар бир фуқародан эшитиш мумкин. Айнан шу масала мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан имзоланган ҳужжатда ҳам (2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729)  ўз аксини топган.         Бундан ташқари, амалдорларнинг фуқаролар олдида ҳисобдорлиги механизмларини жорий этиш, давлат органлари ҳамда ташкилотлар фаолиятининг шаффофлигини ошириш, жамоатчилик назоратини ва оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш борасидаги фикрларини эркин алмашиши уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси кечагидан анча фарқ қилишидан далолат беради. 

Бир сўз билан айтганда божхона маскани орқали ўтаётган ҳар бир йўловчи келажакда фарзандларига коррупциядан тўла холи бўлган жамиятни мерос қилиб қолдириш тарафдори. Бунга бугунданоқ муросасиз курашишга киришган шахсларнинг борлиги ҳаммамиз учун қувонарли ҳолатдир. 

               Гавҳар Махмудхонова,

божхона хизмати капитани

20.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг