Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Самарқанд: Тадбиркорлар билан сайёр учрашувлар
2742
Маълумки, юртбошимиз томонидан 2018 йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

Бугунги кунда республикамизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантириш борасида барча зарур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган, ўз ўрнида мамлакатимиз Президенти фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлариасосида тадбиркорларга яратилган имтиёзлар моҳиятини аҳолининг кенг қатламига, айниқса кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига етказиш, тушунтириш ишларини олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Ғ.Шукуров ва Божхона статистикаси ва таҳлил маркази бошлиғи А.Сагитов Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Э.Салихов билан биргаликда янги лойиҳа ва таклифларни, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш мақсадида ўндан зиёд корхона ва ташкилотларга бориб сайёр ташрифлар уюштирилди.

Ўтказилган ҳар бир учрашув очиқ, тўғридан-тўғри мулоқот тарзида бўлиб ўтди, унда хусусий тадбикорлар ва кичик бизнес вакилларининг божхона хизмати билан ҳамкорлиги масалалари жойида биргаликда таҳлил этилди, қатор масалаларда ўзаро фикр алмашилди.

Хусусан, “Шарқ Саноати” концерни таркибига кирувчи “текстил маҳсулотлари” ишлаб чиқарувчи “ZARAFSHON TEKSTIL” МЧЖ корхонаси фаолияти билан яқиндан танишилди. Ташкилот томонидан 2017 йил давомида турли-хил тайёр текстил маҳсулотлари экспорт қилинган.

Учрашувда концерн бош директори М.Марупов томонидан импорт қилинаётган товарларга мувофиқлик сертификати товарлар“эркин муомалага чиқариш” божхона режимига расмийлаштирилгандан сўнг олиниши бўйича таклифлар киритилди.

Шундан сўнг навбатдаги ташриф “AGRO-BRAVO” МЧЖ корхонасига уюштирилди, “сут ва сут маҳсулотлари”ни ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ушбу ташкилот ҳам 2017 йил давомида ўз маҳсулотларини қўшни давлатларга экспорт қилган.

Тадбиркор корхона томонидан “қуритилган сут” махсулотларини хорижий ҳамкорлари томонидан олдиндан ҳақ тўламасдан экспорт қилиш тўғрисидаги мурожаатига ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ3351-сонли қарорига асосан олдиндан ҳақ тўламасдан олиб чиқиш мумкинлиги ҳамда валюта тушуми товарлар экспорт қилингандан сўнг 120 кун муддат ичида келиб тушиши лозимлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Кейинги ташриф Ургут шаҳрида жойлашган “URGAZ CARPET” МЧЖ корхонасига уюштирилди. Ушбу корхона “гилам, гилам маҳсулотлари, сунъий газонлар” ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, бугунги кунда корхонанинг ҳам замонавий ҳам миллий дизайнга эга гилам маҳсулотлари харидоргир ҳисобланиб, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат ички балки ташқи бозорда ҳам ўз ҳаридорларига эга бўлган.Ушбу корхона директори И. Хакимов томонидан божхона расмийлаштируви юзасидан муаммолар йўқлиги маълум қилинди.

Бундан ташқари, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоялаш мақсадида, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан импорт қилинаётган хом ашёларга қўшилган қиймат солиғини пасайтириш, тайёр гилам маҳсулотларига импорт божхона бож ставкаларини ошириш тўғрисида таклифлар берди.

Икки кун давомида ташкил этилган сайёр ташрифлар давомида “8MART” МЧЖ корхонаси,“AFROSIYOB JEANS” МЧЖ қўшма корхонаси, “ASIA FIBER” МЧЖ корхонаси, “KAMALAK TEKSTIL” МЧЖ қўшма корхонаси, “SAM NEGIN” МЧЖ корхонаси ҳамда “NUR SAM QUR” МЧЖ корхоналарига ҳам ташриф буюрилди. Ташкилот мутасаддилари томонидан божхона расмийлаштируви юзасидан муаммолар йўқлиги, божхона процедуралари ўз вақтида ва тезкорлик билан сансалорликка йўл қўйилмаган ҳолда амалга оширилаётганитўғрисида ижобий фикрлар билдирилди.

Ургут туманида жойлашган “Ургут эркин иқтисодий зона”сига хизмат кўрсатувчи “Самарқанд” ТИФ божхона постининг “Ургут божхона пункти”да олиб борилаётган хизмат фаолияти билан ҳам танишилди. “Ургут эркин иқтисодий зона” Дирекция раҳбари Ж.Ҳайдаровбилан бўлиб ўтган учрашувда импорт масалари, республикамизга ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуна ва жиҳозларга нисбатан божхона тўловларидан имтиёзларини қўллаш тартиби, божхона соҳасида жорий қилинган электрон хизматларнинг қулайлик ва афзалликлари, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш тартиби, божхона соҳасида қабул қилинган сўнгги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти масалалари муҳокама марказида бўлди.

Бундан ташқари, учрашувлар давомида Самарқанд вилояти “Самарқанд аэропорт” чегара божхона постида жорий этилган икки йўлакли тизим асосида божхона назоратини амалга ошириш жараёнида олиб борилаётган хизмат фаолияти билан ҳам танишилди.

Турли расмиятчиликлардан холи тарзда уюштирилган сайёр учрашувлар, давомли маъруза ва ҳисоботларсиз ташкил этилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

Тадбиркорлик фаолиятига қулайлик яратиш учун замин бўлиши мумкин бўлган кўплаб таҳлилий таклифлар ҳозирда божхона органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.

 

Самарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

24.01.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг