Жумладан, божхона органлари ҳам ўз фаолияти давомида хорижий инвесторларни жалб этиш, божхона процедураларини жаҳон стандартлари билан уйғунлаштириш баробарида инвесторларга қонунчиликда назарда тутилган божхона тўловларидан имтиёзларни қўлламоқдалар.
Хусусан, Жарқўрғон туманидаги “Сурхонцементинвест” хорижий корхонаси томонидан цемент ишлаб чиқариш лойиҳасини кўриб чиқадиган бўлсак, мазкур компанияга Хитой, Россия ва Австрия давлатларидан олиб келинган зарур асбоб ускуналар импорти 16,7 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматни ташкил этиб, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Жарқўрғон” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан 23 миллиард 380 миллиондан ортиқ божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган. Бугунга келиб, корхонада тайёр маҳсулотларни сақлашга мўлжалланган 14 минг тонна сиғимли ҳамда хом ашёларни сақлашга мўлжалланган 150 минг тонна сиғимли омборхоналар қурилиб битказилган. Мазкур лойиҳа ишга тушиши учун салкам 144 миллион АҚШ долларилик лойиҳа режалаштирилган бўлиб унинг 90 миллион АҚШ долларига яқин маблағи Россия давлатидан инвестиция асосида киритилади ҳамда 425 та янги ишчи ўрни яратилади.
“Сурхонцементинвест” хорижий корхонасида М-400, М-500, М-600 маркадаги цемент товарлари 1 йилга 1 миллион 150 минг тонна ишлаб чиқарилишини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳозирда импорт қилинаётган цемент товарларини маълум қисмини қоплаб бера олади. Бу эса ўз навбатида ортиқча валютанинг четга чиқиб кетиши ҳолатлари камайишига сабаб бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, “Жарқўрғон” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан доимий тарзда тадбиркор ва хорижий инвесторлар билан корхоналарнинг ўзида учрашувлар ташкил этилиб, тадбиркорларга қонунчиликдаги янгиликлар тўғрисида маълумот берилмоқда.
15.11.2019