Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига сайловлар ўтказилиши арафасида. Сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.
Давлат божхона қўмитаси Тошкент шаҳар божхона бошқармасида “Сайловлар – демократия кўзгуси” мавзуcида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 20 октябрдан – 20 ноябрга қадар “Сайлов қонунчилиги тарғиботини ўтказиш ҳақида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Унда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси шахсий таркиби, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси аъзоси А.Омонов, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси Чилонзор туман бўлими ходими С.Рахмонов ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг муқаддимасида Конституция инсон ҳуқуқларига содиқликни эълон қилиб, демократияга садоқатни намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзлаб қабул қилинганлиги кўрсатилган.
Жорий йил 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлиб ўтадиган сайлов Ватанимиз янги тарихида ғоят муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади. Зеро, мамлакатимиз келажаги, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг суръати ва давомийлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз сайловчилар қабул қиладиган қарорга боғлиқ.
Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар узвий, босқичма-босқич ва изчил, тадрижий равишда давом этмоқда. Энг муҳими Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ислоҳот йўналишлари ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, бир-бирини тақозо этади. Мисол учун, сайлов эркинлигини таъминламасдан туриб давлат ва жамият қурилишини демократлаштиришни тасаввур қилиб бўлмайди. Ёки бўлмаса, сайловчиларнинг ҳуқуқларини суд томонидан ҳимоя қилинишини таъминламасдан, демократик сайлов тизимини яратиб бўлмайди.
Бундай муҳим сиёсий жараёнда юртдошларимиз, хусусан божхона ходимлари ҳам иштирок этишади.
Мамлакатимизда демократия ва инсон ҳуқуқларини, хусусан сайловга оид ҳуқуқларни таъминлашда халқаро стандартлар муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 6 ноябрдаги Қарорида сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, фуқаролар конституциявий сайлов ҳуқуқларини амалга оширилишини таъминлаш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларни ҳисобга олган ҳолда, сайлов тизими ва қонунчилигини босқичма-босқич либераллаштириш Ўзбекистон Республикаси сайлов тизимини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан биринчиси этиб белгиланган.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини қабул қилиш мақсадларидан бири ҳам айнан замонавий халқаро сайлов стандартларини ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш эди.
Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги Декларациянинг 4-бандида эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш учун халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга мувофиқ равишда давлатлар ҳуқуқларни кафолатлашни таъминлаш мақсадида қонунлар қабул қилишлари ва бошқа чораларни кўрмоқликлари лозимлиги белгиланган.
Сайлов кодекснинг қабул қилиниши ҳам мамлакатимизни айнан мазкур талабни оғишмай, изчиллик билан бажарганидан далолатдир.
Тадбир иштирокчиларига сайлов тизими, бу борада амалда татбиқ этилаётган янгиликлар, сайловни ўтказиш ва овоз бериш жараёни, шу жумладан, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, номзодларга қўйиладиган талаблар ва улар фаолиятининг кафолатлари юзасидан берилган саволларига маърузачилар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.
Республикамизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши учун ҳуқуқий асос яратилди. Фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни шакллантиришда фаол қатнашишларига ишончимиз комил.
Таъкидлаш жоизки, 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда фуқаролар томонидан 150 нафар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлар сайланади.
Шунингдек, 831 нафар вилоят ва Жўқорғи Кенгес депутатлари ҳамда 5738 нафар шаҳар ва туман депутатлари фуқаролар томонидан сайланадилар. Ўзбекистон бўйича жами 6 719 нафар депутатлар ўз фаолиятини бошлайди.
Республикамизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши учун ҳуқуқий асос яратилди. Фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янги Парламент ва маҳаллий Кенгашларни шакллантиришда фаол қатнашишларига ишонч билдирилди.
15.11.2019