Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона қонунчилигидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
907
Бугун пойтахтимиздаги Тараққиёт стратегияси марказида Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда божхона қонунчилигидаги янгиликлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга қаратилган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Божхона қонунчилигидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4508-сон қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажда товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқади келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чеклаган меъёрларидан ортган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–3512-сон қарори 1-иловасида назарда тутилган товарларни олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Яъни, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литрдан, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутидан, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донадан, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.дан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Эндиликда товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ доллардан кам бўлмаган миқдорида ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинади.

Ягона божхона тўлови умумбелгиланган тартибдаги божхона тўловларидан кўра анча тежамли ҳисобланади.

2019 йилнинг 9 ойи давомида жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадида божхона тўловларисиз олиб кириш нормасидан ортган (62,3 млрд. сўмлик) товарларга нисбатан амалдаги божхона божи, акциз солиғи ва қўшимча қиймат солиғи ставкалари асосида ундирилган тўловларнинг (44,1 млрд. сўм) ўртача ҳисоб йиғиндиси 70,5%ни (озиқ-овқат учун 66,9% ва ноозиқ-овқат учун 70,8%) ташкил этмоқда.

Яъни, мазкур ҳолатда жисмоний шахслар томонидан қўл юкида олиб кирилаётган ва божхона тўловларисиз олиб кириш нормасидан ортган товарларнинг ишлаб чиқарилган мамлакатини тасдиқловчи сертификатни тақдим этилмаганлиги сабабли, Божхона Кодексининг 300-моддаси талаблари асосида божхона божи ставкаси икки карра миқдорида ҳисобланган.

Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, янги жорий этилган ягона божхона тўлови амалда жисмоний шахслардан ундирилаётган ва 2020 йил 1 январдан жорий этилаётган ставкаларга нисбатан пастроқ белгиланганлиги қайд этиш лозим.

Амалдаги қонунчиликда жисмоний шахслар томонидан товарлар ўз эҳтиёжи учун олиб кирилганда, уларнинг сифати ва тегишли давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш талаб этилмайди.

Қарорда эса жисмоний шахслар томонидан ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилаётганда ушбу товарларга нисбатан ишлаб чиқарувчининг ўров варағи бўлиш мажбурийлиги белгиланмоқда.

Таққослаш учун: Ривожланган мамлакатларда, Хитой, АҚШ, Корея давлатларида озиқ-овқат товарлари олиб кирилаётганда ишлаб чиқарувчининг ўров варағининг  мавжудлиги қатъий белгиланган. Бу талабга мос келмаган товарлар олиб кирилган тақдирда, улар орқага қайтарилади ёки чегара ўтиш пунктининг ўзида йўқ қилинади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан товарлар олиб кирилаётганда “Нотижорат мақсади сифатида қабул қилинмайдиган товарлар рўйхати” тасдиқланади.

Сабаби, аслида тижорат мақсади учун олиб кирилаётган товарларни “ўз эҳтиёжим учун” деган важ билан олиб кириш ҳолатлари кўпаймоқда. Таклиф этилаётган товарлар рўйхатига саноатда фойдаланилиши ҳамда сифат ва хавфсизлик бўйича мажбурий текширувлардан ўтказилиши лозим бўлган товарлар киритилди.

Анжуманда  маълум қилинишича, жисмоний шахслар томонидан  олиб ўтилаётган товарларнинг мақсадини аниқлаш бўйича тартиб халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу ҳужжат жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб ўтилаётган товарларнинг мақсадини аниқлаш тамойиларини тартибга солиш, божхона органларининг хизмат вазифаларини бажариш чоғида қонунийлик, очиқлик, шаффофлик ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини самарали амалга ошириш имконини беради.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

15.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг