Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Осиё тараққиёти банки делегацияси “Арк булоқ” божхона пости фаолияти билан танишди
3134
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурининг вазирлар даражасидаги конференцияси тадбирларида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Осиё тараққиёт банки вице президенти Шисинь Чен пойтахтимиздаги замонавий логистика маркази ва бу ердаги «Арк булоқ» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости билан танишди.

Таъкидлаш жоизки, республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суришда Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг етакчи ва ишончли шерикларидан бири ҳисобланади.

Мазкур нуфузли ташкилот иштирокида ҳозирда иқтисодиётининг устувор тармоқларини қамраб олган 60 дан зиёд лойиҳалар амалга оширилаётган бўлиб, уларнинг умумий қиймати қарийб 8 миллиард долларни ташкил қилади.

Банкнинг 2019-2023 йилларда Ўзбекистон билан шерикликни кенгайтириш бўйича молиялаштириш ҳажми 5 миллиард доллардан ошадиган янги стратегияси қабул қилинди.

Мазкур стратегия доирасида Ўзбекистонда транспорт логистикасини янада ривожлаштириш, бизнесни юритиш жараёнларни соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятда товарларнинг экспорти ва импортини жадаллаштириш, илғор ахборот технологияларини жалб этган ҳолда божхона тартиб-таомилларини такомиллаштириш муҳим ўрин тутади.

Логистика маркази ва божхона пости фаолияти билан танишув давомида юқори мартабали меҳмонга божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, тўлақонли равишда ишга тушрилган ҳамда божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида туб бурилиш ясаган “Хавфни бошқариш тизими” делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, амалиётга жорий этилиши кўзда тутилаётган “Ягона ойна” божхона ахборот тизими ҳақида ҳам кўргазмали тақдимотлар қилинди.

Мазкур тизим товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнида рухсат беришга доир ҳужжатларни олиш учун барча ваколатли идораларни ўзида жамлайди. Натижада, тадбиркор турли идораларга эшикма-эшик юрмасдан, ўз идорасидан чиқмасдан туриб, электрон тарзда ариза тақдим этиши ҳамда тегишли сертификатлар, рухсатномаларни олиши мумкин. Натижада тадбиркорнинг ҳаражатлари ва вақти сезиларли равишда тежалади. Пировардида эса божхона назоратига сарфланадиган вақт ҳам янада қисқаради.

Пост фаолияти билан танишув жараёнида делегация аъзолари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 

15.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг