– Хорижий инвесторларни жалб қилишнинг муҳим омилларидан бири мамлакатимиздаги барқарор иқтисодиёт, ҳуқуқий-инвестицион муҳит, сиёсий ва иқтисодий хавфсизлик, ривожланган инфратузилма, малакали мутахассислар ва албатта яратилаётган кафолатлардир, – дейди вилоят инвестиция ва савдо бошқармаси бўлим бошлиғи Даврон Расулов. – Жумладан, иқтисодиётнинг устувор тармоқларидаги тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияни жалб қилувчи корхоналар 2005 йил 1 июлдан даромади, мол-мулк, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, миикрофирма ва кичик корхоналар учун солиқ тўловлари ҳамда республика йўл фонди учун мажбурий тўловлардан озод этилган.
Шунингдек, мамлакатимизда инвестицион фаолиятни тартибга солувчи, хорижий инвесторларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, мулкини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар қабул қилинганки, мазкур қонун нормалари инвесторлар ҳамда унинг иштирокчиларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаб келмоқда.
Бугунги кунда вилоят иқтисодиётининг етакчи тармоқлари ва соҳаларида хорижий инвестициялар иштирокида 500 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида 150,3 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. Бу ўтган йилнинг якуни билан таққосланганда қарийб 2,5 баробарга ёки 92,0 миллион долларга кўпдир. Ҳудудий дастурлар доирасида 2 триллион 935,3 миллиард сўмлик 580 та лойиҳа амалга оширилиб, 10,3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Биргина саноат соҳасида 2 триллион 164,4 миллиард сўмлик 221 та лойиҳа ишга тушиши билан 6692 та иш ўрни яратилди.
- Вилоятимизда бугунги кунда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар 250 тани ташкил этади. Шундан 118 таси саноат ва 132 таси қишлоқ хўжалиги соҳасида. Жорий йилда 70 та янги корхона экспорт фаолиятига жалб қилинган бўлиб, улар томонидан қўшимча 18,6 миллион долларлик, яъни ўндан ортиқ янги турдаги саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилди.
Киритилган инвестициялар географияси бўйича таҳлил қиладиган бўлсак бунда 30 га яқин давлатларнинг инвесторлари иштирок этди. Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Япония, Польша, Буюк Британия, Канада ва ҳоказолар.
Мисол учун, Самарқанд шаҳридаги «Азия Метал Проф» МЧЖда метални қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Хитой давлатидан 17,0 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари жалб этилди.
Самарқанд туманидаги «AGRO SOV PLACT» корхонасида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва музлатиш лойиҳасини ўзлаштириш учун Польша давлатидан 2,0 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилди.
2019 йилнинг якуни билан дастур доирасида 5992,3 миллиард сўмлик 814 та лойиҳа жорий этилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида йилига 25 миллион долларлик маҳсулотлар экспорт қилинади.
Йил охиригача ва 2020 йил давомида Оқдарё, Жомбой, Иштихон ва Самарқанд туманларида янги лойиҳаларни ўзлаштириш режалаштирилган. Натижада 12 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Жинси матоси, чанг ютгич, кир ювиш машиналари, LED лампалари, сув насослари, лаборатория пробилкалари, гигиеник қўлқоплар, газбетон блок, керамик плиткалар ва 3 турдаги мини агротехника шулар жумласидандир.
Хорижий инвесторлар иштирокида истиқболли лойиҳалар кенг жорий этилаётганини Самарқанд шаҳридаги «Бофанда» корхонасида ҳам кўриш мумкин.
– Корхонамиз ўтган йили кластер тизимига ўтказилиши натижасида қайта ишланган пахта толасидан ип калава ва тикув иплари ҳамда бошқа айрим хомашё маҳсулотлар, шу ернинг ўзида тайёрланмоқда, – дейди цех бошлиғи Фаррух Усмонов. – Айни пайтда бу ерда эркак ва хотин-қизлар ҳамда болалар учун турли хил кўйлак, чойшаб, кўрпа ёстиқ жилдлари тайёрланмоқда. Маҳсулотларимизга ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бормоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш, мақсадида тадбиркорлар томонидан янги технологик асбоб-ускуналарни олиб киришда божхона имтиёзларини қўллаш тизими яратилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан 2013 йил 20 мартда 2436-рақам билан рўйхатдан ўтган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатини тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга асосан импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўлови бўйича имтиёзлар янги технологик ускуналарга қўлланилиши белгиланган.
Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳужжатда янги технологик ускуна деганда – “Эркин муомалага чиқариш” божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида, унинг ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускуна тушунилади.
15.11.2019