Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурия Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувдан сўнг божхона соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро алмашинувларни фаоллаштириш юзасидан ўз фикрларини баён этди.
– Президент жаноблари билан мулоқотда жуда муҳим масалаларни муҳокама қилдик. Шавкат Мирзиёев савдони кенгайтириш аҳамиятига алоҳида урғу бериб, бу борадаги сиёсатни глобал стандартларга мувофиқ давом эттириш муҳим эканини таъкидлади. Бундан ташқари, инсон ресурсларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари хусусида фикр алмашилди. Мен бу борада жаҳондаги илғор амалиётларни баён қилдим. Пировардида, Ўзбекистон божхона хизматини ривожлантириш билан боғлиқ қўшма дастур ва лойиҳаларни фаол давом эттиришга келишиб олдик.
Биз юртингиз билан соҳа салоҳиятини ошириш дастури асосида ҳамкорлик қилмоқдамиз, ҳозир ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилмоқда. Бу дастурни нафақат Ўзбекистонда, балки сизга қўшни мамлакатлар билан босқичма-босқич жорий қиламиз.
Мамлакатингиз денгизга чиқиш йўлига эга эмас, шу боис транзит тизимини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, фаол минтақавий ҳамкорлик, айниқса, долзарбдир. Бундай ҳамкорлик мамлакатлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди, самарали ахборот алмашиш имконини беради ҳамда савдо жараёнларида божхона хизмати фаолиятининг натижадорлигини таъминлайди.
Биз Ўзбекистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдормиз.
УзА