Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхона қонунчилигидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
3013
2019 йил 14 ноябрь куни Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида божхона қонунчилигидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
 Божхона қонунчилигидаги ўзгаришларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Унда Давлат божхона қўмитасининг мутасадди ходимлари иштирок этиб, соҳада амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар. янгиланишлар ҳақида журналистларга батафсил ахборотлар беришди.

Таъкидланганидек, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, божхона соҳасида ўзгаришларнинг янги тўлқини старт олади: божхона тартиб-таомилларида янги тартиблар, божхона тўловларини ҳисоблашда эса янги ставкалар жорий қилинади. Шунингдек, божхонага доир ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам кучайтирилади.

Хўш, мазкур ўзгаришлардан кўзланган мақсад нимада?

Тадбирда дастлаб, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги “Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Сўнгги йилларда божхона тартиб тамойиллари соддалаштирилиб, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бироқ, айрим нопок тадбиркорлар томонидан давлат бюджетига тўланиши лозим бўлган божхона тўловларини тўламаслик мақсадида товарларни тасарруф этиш, ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар содир этилмоқда. Бу эса табиийки, қонун доирасида иш олиб бораётган тадбиркорлар фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан мазкур қонунга мувофиқ ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун ҳуқуқий таъсир чораларини кучайтириш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, божхона идентификация воситаларини яъни пломба, муҳр, тамға, штамп ва бошқаларни ўзгартириш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки йўқотиш, худди шунингдек, божхона назорати остидаги товарлар юкланган транспорт воситалари юкхонасини қонунга хилоф равишда очганлик учун, фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача, мансабдор шахсларга эса - 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима белгиланди.

Шунингдек, божхона расмийлаштируви якунланмаган ва божхона назорати остида турган товарларни қонунга хилоф тасарруф этганлик учун жарима санкциялари миқдори оширилди.

Рақамларга мурожаат қилсак, 2019 йилнинг 6 ойи давомида 60 та (2018 й. – 94 та, 2017 й. – 61 та) ҳолатда 62,4 млн. сўм божхона тўловларини ундириш назарда тутилган товарлар тасарруф этиб юборилганлиги аниқланиб, чоралар кўрилган.

Ташувчилар томонидан божхона идентификация воситалари бутлигини таъминламаслик натижасида транспорт воситасининг юкхонасига ортилган товарларни божхона тўловлари паст бўлган бошқа товарларга алмаштириб қўйиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Таққослаш учун: Божхона идентификация воситаларини ўзгартириш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки йўқотганлик учун Хитойда – 4200 АҚШ долл., Қирғизистонда – 2860 АҚШ долл., Грузияда – 1800 АҚШ долл., Россия Федерациясида – 300 АҚШ долл. Қозоғистонда – 250 АҚШ долл. миқдорида жарима белгиланган.

Қонун билан товарлар учун божхона декларациясини ва қўшимча ҳужжатларни белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик ҳамда божхона чегараси орқали аслида тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни тижорат учун мўлжалланмаган товарлар ниқоби остида олиб ўтиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун кучайтирилган чоралар белгиланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4508-сон қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан нотижорат мақсадлар учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пунктлари орқали қўл юкида ва кузатиб борилаётган багажда товарлар олиб кираётган жисмоний шахслар учун, шунингдек, жисмоний шахс номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқади келадиган товарларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига ягона божхона тўловини назарда тутувчи божхона тўловларини ундиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.

Ягона божхона тўлови божхона тўловлари ундирилмайдиган товарларни жисмоний шахслар томонидан республикага олиб киришнинг чеклаган меъёрларидан ортган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда, чекланган меъёрлардан ортиқ қисмига нисбатан ундирилади.

Бунда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ–3512-сон қарори 1-иловасида назарда тутилган товарларни олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Яъни, алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литрдан, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутидан, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донадан, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.дан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Эндиликда товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ доллардан кам бўлмаган миқдорида ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинади.

Ягона божхона тўлови умумбелгиланган тартибдаги божхона тўловларидан кўра анча тежамли ҳисобланади.

2019 йилнинг 9 ойи давомида жисмоний шахсларнинг нотижорат мақсадида божхона тўловларисиз олиб кириш нормасидан ортган (62,3 млрд. сўмлик) товарларга нисбатан амалдаги божхона божи, акциз солиғи ва қўшимча қиймат солиғи ставкалари асосида ундирилган тўловларнинг (44,1 млрд. сўм) ўртача ҳисоб йиғиндиси 70,5%ни (озиқ-овқат учун 66,9% ва ноозиқ-овқат учун 70,8%) ташкил этмоқда.

Яъни, мазкур ҳолатда жисмоний шахслар томонидан қўл юкида олиб кирилаётган ва божхона тўловларисиз олиб кириш нормасидан ортган товарларнинг ишлаб чиқарилган мамлакатини тасдиқловчи сертификатни тақдим этилмаганлиги сабабли, Божхона Кодексининг 300-моддаси талаблари асосида божхона божи ставкаси икки карра миқдорида ҳисобланган.

Юқоридаги таҳлиллардан кўриниб турибдики, янги жорий этилган ягона божхона тўлови амалда жисмоний шахслардан ундирилаётган ва 2020 йил 1 январдан жорий этилаётган ставкаларга нисбатан пастроқ белгиланганлиги қайд этиш лозим.

Амалдаги қонунчиликда жисмоний шахслар томонидан товарлар ўз эҳтиёжи учун олиб кирилганда, уларнинг сифати ва тегишли давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш талаб этилмайди.

Қарорда эса жисмоний шахслар томонидан ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилаётганда ушбу товарларга нисбатан ишлаб чиқарувчининг ўров варағи бўлиш мажбурийлиги белгиланмоқда.

Таққослаш учун: Ривожланган мамлакатларда, Хитой, АҚШ, Корея давлатларида озиқ-овқат товарлари олиб кирилаётганда ишлаб чиқарувчининг ўров варағининг  мавжудлиги қатъий белгиланган. Бу талабга мос келмаган товарлар олиб кирилган тақдирда, улар орқага қайтарилади ёки чегара ўтиш пунктининг ўзида йўқ қилинади.

Қарор билан жисмоний шахслар томонидан товарлар олиб кирилаётганда “Нотижорат мақсади сифатида қабул қилинмайдиган товарлар рўйхати” тасдиқланади.

Сабаби, аслида тижорат мақсади учун олиб кирилаётган товарларни “ўз эҳтиёжим учун” деган важ билан олиб кириш ҳолатлари кўпаймоқда. Таклиф этилаётган товарлар рўйхатига саноатда фойдаланилиши ҳамда сифат ва хавфсизлик бўйича мажбурий текширувлардан ўтказилиши лозим бўлган товарлар киритилди.

Анжуманда маълум қилинишича ҳозирда жисмоний шахслар томонидан олиб ўтилаётган товарларнинг мақсадини аниқлаш бўйича тартиб халқаро тажрибалар асосида ишлаб чиқилмоқда.

Ушбу ҳужжат жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб ўтилаётган товарларнинг мақсадини аниқлаш тамойиларини тартибга солиш, божхона органларининг ҳуқуқий асослари яна такомиллаштириш, божхона органларининг хизмат вазифаларини бажариш чоғида қонунийлик, очиқлик, шаффофлик ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини самарали амалга ошириш имконини беради.

Анжуман кун тартибидаги масалалардан яна бир халқаро курьерлик жўнатмалари орқали юборилаётган товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштирувига доир кутилаётган ўзгаришларга қаратилди.

Амалдаги тартибларга кўра, халқаро курьерлик  жўнатмалари орқали ҳар чоракда 1000 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни ва халқаро почта жўнатмалари орқали 100 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона юк декларациясини расмийлаштирмаган ва божхона тўловларидан озод этилган ҳолда республика ҳудудига олиб кириш мумкинлиги белгиланган.

Қайд этилган меъёрлар фақатгина нотижорат мақсадларида олиб кирилаётган товарлар учун қўлланилиши белгиланган. Мазкур товарларнинг қандай мақсадларда олиб кирилаётганлигини аниқлаш бевосита божхона идораларига юклатилган.

Шу билан бирга, жисмоний шахслар номига халқаро курьерлик жўнатмаларида олиб кирилаётган товарларнинг амалий таҳлили шуни кўрсатадики, товарларни божхона тўловлари ва бошқа солиқларни тўламасдан импорт қилишга уринишлар, яъни жисмоний шахслар учун божхона тўловларини тўламаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган товарларни олиб кириш меъёрларини суистеъмол қилган ҳолда амалда тижорат мақсадидаги товарлар кириб келмоқда. 

Халқаро курьерлик жўнатмаларида жисмоний шахслар номига олиб кирилаётган гўёки, нотижорат мақсадидаги жўнатмалари ниқоби остидаги тижорат товарларини яширишга уруниш мақсадида бир партиядаги жўнатмаларни қисмларга бўлиб олиб келинмоқда.

Натижада, фақатгина шундай ҳолатлар бўйича 2019 йилнинг 10 ойи давомида жами 4813 та тижорат товарларини олиб кириш ҳолатлари аниқланган бўлиб, ушбу товарлардан давлат бюджетига 7 млрд. 122,2 млн. сўм миқдорида божхона тўловлари ундирилди.

Халқаро курьерлик жўнатмаларида божхона тўловларидан қочиш мақсадида, “ўз эҳтиёжи учун” мўлжалланган курьерлик жўнатмаси ниқоби остида олиб келинаётган тижорат юклари ҳам фош этилмоқда.

Ушбу товарлар “шахсий эхтиёж учун” мезонларига мос келмайди ва ички бозорда айирбошлаш учун мўлжалланган.

Анжуманда журналистлар ва тадбирга таклиф этилган тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар беришди.

Давлат божхона қўмитаси Матбуот хизмати

14.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг