Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди
1958
Бугунги кунда контрабанда ашёларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш мақсадида божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мунтазам тизимли ишлар амалга оширилмоқдаки, бу эса ўз навбатида сарҳадларимиз орқали заҳри қотилнинг ҳаракатланишига ҳеч қандай имкон қолдирмаяпти.
Божхоначилар гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйишди

Яқинда Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Унга кўра, жорий йилнинг июнь-июль ойларида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Бош почтампт” ТИФ божхона пости “Халқаро почтампт” филиалига Буюк Британия ва Голландия давлатларидан Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Л.Д. номига гиёҳванлик воситалари келгани аниқланди.

Божхона ходимлари калаванинг учини топиш мақсадида арқонни узун ташлашди ҳамда тегишли почта жўнатмаларини Самарқанд шаҳар почта хизматига топшириб, фуқаро Л.Д.ни тезкор кузатувга олишди. Натижада, фуқаро Л.Д. почта хизматидан ўзининг “совға”ларини қабул қилиб олаётганида божхоначилар томонидан уюштирилган кутилмаган “совға”га дуч келиб қолди.

Шундан сўнг фуқаро Л.Д.нинг уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганда, ушбу хонадонда умумий миқдори 84,4 грамм бўлган ҳар хил турдаги гиёҳвандлик моддалари ва гул тувакка экилган “марихуанна” ўсимлиги борлиги аниқланди.

Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганларидек фуқаро Л.Д.нинг кирдикорларига божхоначилар томонидан ўз вақтида чек қўйилди.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари амалга ошириляпти.

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

13.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг