Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Бизга савол йўллашди
1831
Мен хорижда ишлайман. Ўзбекистонга кўпинча автобусда қайтаман. Айрим танишларимининг айтишларича янги йилдан уйга, бола-чақамизга деб олган совға-саломларга ҳам божхонадан ўтишда бож тўлар эканмиз. Шу ростми? Масалан, 5-6 кг. шоколад олсам, болаларимга 2-3 дона кийим-кечаклар, уйга биронта телевизор олсам – буларнинг бари шахсий эҳтиёжим учун. Мен бундан тижорат мақсадини кўзламаганман. Шу саволга атрофлича жавоб берсангиз.

ЖАВОБ: Бу саволга жавоб бериш учун жисмоний шахснинг қайси ўтказиш пункти орқали кириб келишини ойдинлаштириш керак. Савол эгаси автобусда кириб келишини маълум қилган. Демак, ушбу шахс республикамизга қўшни давлатдан автомобил ва пиёда ўтказиш пункти орқали кириб келади.

Бунда уларга 300 АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришларига рухсат этилади. (Бу кўрсаткич халқаро аэропортлар орқали кириб келганда - 2000 АҚШ доллари, темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали кириб келганда - 1000 АҚШ долларини ташкил қилади.)

Агар олиб келинган товарларнинг жами қиймати 300 АҚШ долларидан ошса, ошган қисмигагина (масалан, товарларнинг жами қиймати 350 АҚШ долларини ташкил қилса, ортиқча 50 АҚШ доллари қийматидаги товарларга) ягона божхона тўлови ундирилади.

Ягона божхона тўлови ставкаси товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ доллардан кам бўлмаган миқдорида ундирилади.

Масалан, белгиланган меъёрлардан ортиқча олиб кирилган товарларнинг божхона қиймати 50 АҚШ долларини ташкил қилса, у ҳолда 15 АҚШ доллари миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.

Ортиқча юклар 50 АҚШ долларига баҳоланса-ю, аммо уларнинг оғирлиги 7 кг.ни ташкил қилди дейлик. Бу вазиятда ҳар бир килограми учун 3 АҚШ доллардан кам бўлмаган миқдорда яъни, юқоридаги ҳолатда 21 доллар тўлов ундирилади.

Шунингдек, аҳамият бериш лозим бўлган яна 3 та муҳим жиҳат бор.

1) Маълумки, айрим турдаги товарларни божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрлари мавжуд. Масалан,

алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача,

барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача,

атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача,

қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача олиб кириш мумкин.

Унутманг, бу товарлар юқоридаги меъёрлардан ортиқча олиб кирилганида, уларга нисбатан ягона божхона тўлови татбиқ этилмайди.

Яъни, атир 3 дона эмас, 5 дона олиб кирилса,  ортиқча олиб кирилган 2 таси учун 30 фоиз ставкада божни тўлаб, олиб кириш мумкин деган янглиш фикрга бормаслик керак.

Бу товарлар олиб кириш меъёрларидан ортган тақдирда божхона тўловлари умумбелгиланган тартибда тўланади.

Яъни, товар турига қараб, импорт божи, акциз солиғи ва ҚҚС белгиланган ставкалар бўйича ундирилади.

2) Шунингдек, пиёда, автомобилда ва темир йўлда кириб келганда 20 турдаги маиший техника буюмлари, офис техникалари ва бошқа жиҳозларни ҳар 6 ойда чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб кириш мумкинлигини унутмаслик керак.

Содда тилда айтганда жисмоний шахс агар ўзи билан маиший техника воситаларини олиб кираётган бўлса, у ҳолда унинг товарларига 300 АҚШ долларлик божсиз лимитни қўллаш учун у сўнгги 6 ой давомида биринчи маротаба кириб келаётган бўлиши керак.

Агар у 6 ой ичида такрорий равишда кириб келган бўлса, у ҳолда унинг маиший техникаларига ҳам ягона божхона тўлови ундирилади.

Масалан, савол муаллифи телевизор олиб кермоқчилигини маълум қилган. Айтайлик, телевизорнинг божхона қиймати эса 250 АҚШ доллари. Қийматидан келиб чиқилса, ушбу товарнинг ягона божхона тўлови – 75 АҚШ долларини ташкил қилади.

Унутманг, агар 6 ой ичида биринчи маротаба кириб келаётган бўлсангиз, сиз бу тўловдан озодсиз!

3) Бошқа турдаги товарларни (яъни, юқорида таъкидланган 20 турдаги маиший техника буюмлари, офис техникалари ва бошқа жиҳозлардан ташқари) пиёда, автомобилда ва темир йўлда кириб келишда 1 ойда 1 маротаба божхона тўловларисиз олиб киришга русхат этилади.

Бунда ҳар бир номдаги товардан 2 кг.гача (бўлинмайдиган товарлар бундан мустасно) олиб киришга рухсат этилади. Аммо, мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг.дан ошмаслиги керак.

Демак, 20 турдаги маиший техника воситаларидан ташқари олиб келинган юкларнинг фақат 10 кг.ини божсиз олиб кириш мумкин.

Яъни, юқоридаги саволда таъкидланган 5 кг. шоколад олиб кирилганда, ушбу шоколадларнинг барчаси бир хил номдаги маҳсулот бўлса, у ҳолда унинг 2 кг.ини божхона тўловларисиз олиб кириш мумкин. 3 кг.ига эса ягона божхона тўлови ундирилади.

Айтайлик, шоколаднинг божхона қиймати ҳар бир килоси учун - 5 АҚШ доллари бўлса, 3 кило шоколаднинг жами қиймати 15 доллар бўлади. Бунда ягона божхона тўлови ставкаси 5 доллар ҳисобланади.

Лекин, ягона божхона тўловининг ҳар бир килограми учун 3 АҚШ доллардан кам бўлмаслиги ҳақидаги талабни инобатга олсак, 3 кг. шоколад учун минимум – 9 АҚШ доллари миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.

Унутманг, ягона божхона тўлови умумбелгиланган тартибдаги божхона тўловларидан кўра анча тежамли ҳисобланади.

Аҳамият беринг! Агар сиз божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча олиб кирганингизда

- колбаса ва сосиска маҳсулотларига - 93,9%,

- гиламларга - 110,7 %,

-шоколадга – 61 %

- пишлоққа – 44 % миқдорида божхона тўловларини тўлаган бўлар эдингиз.

13.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг