Айниқса, бу борада Президентимизнинг 2019 йил 27 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони муҳим дастури-амал бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур фармонга мувофиқ 2019-2020-йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури тасдиқланган бўлиб, унинг асосий вазифаси коррупцияга доир ҳуқуқбузарликларга замин яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларга қарши кескин чоралар кўрган ҳолда курашишдан иборатдир. Бу борада Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан тизимли равишда профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида бошқарма раҳбарияти ва божхона постлари ходимлари иштирокида Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган тадбиркорлар, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ва божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар билан 117 марта очиқ мулоқотлар ўтказилган.
Бошқарма томонидан ёш божхона ходимлари яқин қариндошлари иштирокида тадбирлар тизимли равишда йўлга қўйилган. Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, давлатимиз томонидан божхона органларида кўплаб ислоҳотлар доирасида божхона ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам етарлича шарт-шароитлар яратилганлиги ҳақида ходимларнинг яқинларига етказиш, ходимларни коррупция иллатига аралашиб қолмаслигини олдини олишдан иборат.
Бундан ташқари, бошқарма раҳбарияти ҳамда тегишли бўлимлар томонидан ташкил этилган тадбирларда коррупцияга қарши курашиш мавзусидаги тарқатма материаллар тарқатилиб, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг (71) 235-07-61 рақамли ишонч телефонига божхона қонунбузилиш ҳолатлари рўй берганда хабар бериши лозимлиги ва мурожаатлар анонимлиги кафолатланиши ҳақида маълумотлар берилмоқда.
Н.Бобоқулов
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходими
13.11.2019