Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Юрт ривожига муносиб ҳисса қўшаётганлар
1153
Бугунги кунда замон шиддат билан ривожланиб бормоқда ва ҳар бир соҳанинг тараққий этиши йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.
Юрт ривожига муносиб ҳисса қўшаётганлар

Шу қатори мамлакат иқтисодиёти ҳам асосида ривожланиб бормоқда. Улардан бири инвестицияни - янги қувват ҳамда экспорт занжири деб айтиш мумкин. Ўзбекистонда қисқа муддатда эришилган бундай тажриба жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори эътироф этилмоқда. Агар буни чуқурроқ ўрганадиган бўлсак, бугун ҳақиқатан тадбиркор ва ишбилармонларнинг чет эллик ҳамкорлар билан бевосита муносабатга киришаётганлиги, давлат фақат ҳуқуқий жиҳатдан кўмак бериб, сармоявий лойиҳалар ҳар икки томоннинг ўз режалари асосида амалга оширилаётганлиги янада ойдинлашади.

Умуман олганда республикамизда юритилаётган фаол инвестиция сиёсати, эркинлаштирилган ташқи савдо ва валюта операциялари – соғлом рақобат муҳити ҳамда ҳақиқий бозор иқтисодиётини шакллантирмоқда, деб айтиш мумкин. Албатта бу иқтисодий жараён ҳар бир тармоқ олдига ривожланишнинг ўзига хос омилларидан келиб чиқиб муҳим вазифаларни қўймокда.

Маълумки, иқтисодий хавфсизлик масалалари кўплаб омиллар қатори божхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам боғлиқ. Шу боис соҳа олдига қўйилаётган бир қатор вазифалар аввало, мамлакат ташқи савдо айланмасини ошириш, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни бу борада ортиқча оворагарчиликлардан холи этиб, эркин иш юритишига кўмаклашиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, умуман ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадларини ўзида мужассам этади.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан жойларда ишлаб чиқариш корхона вакиллари билан учрашиб, давлатимиз томонидан тадбиркор ва инвесторларга яратилаётган кенг имкониятлар, соҳага оид қабул қилинаётган янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш, уларга ташқи иқтисодий фаолият жараёнларида яратилаётган қулайликлар ва эркинликлар бўйича амалдаги қонунчилик доирасида тушунтиришлар бериш мақсадида жойларга чиқиб, сайёр учрашувлар ташкил этиб келинмоқда.

Муҳими уларнинг фаолиятларида учраётган айрим муаммолар жойида ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан  чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Мана шундай ташрифлардан бири “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг бир гуруҳ ходимлари томонидан “SОАРСО”  корхонасига амалга оширилди.

 Буюк Британия инвесторлари иштирокида гигиеник воситалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона соатига бир тонна хушбўй ҳидли совун ва шампунь каби ювиш воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонадаги барча технологик ускуналар Германия ва Туркия каби давлатлардан божхона тўловларидан имтиёзлар қўлланилган ҳолда келтирилган.

Мамлакатимизда хорижий инвесторлар ҳамкорлиги ва божхона имтиёзларидан тўлақонли фойдаланган ҳолда фаолият юритаётган корхоналар сони йил сайин эмас, балки кун сайин ортмоқда.

Навбатдаги сайёр учрашув “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан “Айсел Энержи” корхонасида ўтказилди.

Туркиянинг “Айсел Энержи” компанияси ҳамкорлигида регулятор қуввати 63 МВт гача бўлган трансформаторларни ишлаб чиқариш заводи ҳам шулар жумласидандир. 8 миллион евролик умумий қийматга эга лойиҳа йилига 600 дона трансформатор ишлаб чиқариш қуввати билан 70 нафар кишининг бандлигини таъминлаган. Муҳими корхонада йилига 3 миллион евролик маҳсулот хорижга экспорт қилинади.

Қайд этиш лозимки, давлатимиз раҳбарининг “Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони соҳадаги ислоҳотларни янада янги босқичга олиб чиқди. Божхона тизимида эришилаётган натижалар эса амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан дарак.

Жорий этилаётган барча чора-тадбирлар аввало тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини қўллаб-қувватлаш, уларнинг эркин фаолият юритишини таъминлаш, қолаверса ички бозорни рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдирган ҳолда, экспорт ҳажмини кескин оширишдан иборат.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар хусусан, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспортбоп маҳсулотларни кўпайтиришни рағбатлантириш, божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш мақсадида олиб борилмоқда.

11.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг