Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти Сурхондарёда тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказди
1399
Мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шунга мувофиқ, кейинги йилларда бизнес муҳитини яхшилаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ортиқча текширувлар ўтказиш тугатилиб, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилди. Тадбиркорлик субъектларида мавжуд муаммо ва мурожаатларни ўрганиб, уларни ижобий ҳал этиш Давлат органлари ва хизматларининг бош вазифаларидан этиб белгиланган.

Шу мақсадда Давлат божхона қўмитаси  томонидан республикамизнинг барча вилоятларида тадбиркорлик субъектлари билан доимий тарзда давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилиб, соҳа бўйича уларда мавжуд муаммоларни бартараф этишда кўмак бериб келинмоқда.

Навбатдаги давра суҳбати Сурхондарё вилояти Термиз туманида жойлашган “Termiz Cargo Centr” МЧЖ ҳудудида бўлиб ўтди. Унда, Давлат божхона қўмитаси  Раисининг биринчи ўринбосари А.Асамов, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб, А.Асамов,  Сурхондарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти кенгайиб бораётганлиги, бунинг исботи сифатида эса вилоятдан жорий йилнинг 10 ойи мобайнида хорижга экспорт қилинган товарлар 265,4 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 147,7 миллион АҚШ доллари ёки 125,5 фоизга кўпайганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, вилоят имкониятлари бунданда кўплиги, бу эса экспортни янада оширишга  ва импортни оптималлаштиришга шароит яратиши таъкидланди.

Тадбир давомида, экспорт-импорт масалалари бўйича мурожаат қилган тадбиркорларнинг савол, таклиф ва муаммолари тингланиб уларга амалий ёрдам кўрсатилди.

Жумладан, “Денов капитал шағал қайта ишлаш ”МЧЖ  раҳбари А.Маллабоев, уларга тегишли 12 дона қурилиш соҳасига ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларига тўланадиган божхона тўловлари учун ҳозир маблағ мавжуд эмаслиги ва бунинг учун муддат кераклигини баён қилди. Мазкур мурожаатга А.Асамов томонидан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 329-моддаси кўра, 2 ой муддатга божхона тўловларини кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжудлиги тўғрисида маълумот берилди.

Учрашув якунида, тадбиркорларларга божхона соҳасига доир масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг 11-08 ёки вилоят божхона бошқармасининг 76-225-02-26 рақамли “Ишонч телефонлари”га  исталган вақтда  мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилди.

Бундан ташқари, А.Асамов Тожикистон Республикаси билан чегарада жойлашган “Сариосиё” ва Афғонистон Ислом Республикаси билан чегарада жойлашган “Айритом” чегара божхона постларида ҳам бўлди.

Мазкур постлар орқали ўтаётган фуқаролар ва автотранспорт воситаларининг божхона назоратига кетаётган вақт бўйича мониторинг амалга оширилди. Мониторинг натижалари,  божхона масканидан чиқиб кетаётган  ва божхона масканига кириб келаётган юк автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ва назоратига ўртача 16-20 дақиқа  сарфланаётганлигини кўрсатди.

Шундан сўнг, божхона ходимларини ижтимоий ҳимоясини таъминлаш,  уларга қулай шароит яратиш мақсадида Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчасида қурилаётган хизмат уйи билан танишилди.

Божхоначилар учун яратилаётган бу каби шароитлар уларни ўз бурчларини янада ғайрат-шижоат билан адо қилишга ундаб, ватанимиз иқтисодий хавфсизлигига хизмат қилиши аниқ.

11.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг