Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар Ургутдаги кичик саноат зоналарини кўздан кечиришди
2231
Вазирлар Маҳкамасининг “Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 19 июлдаги 556-сон қарори вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароитларни шакллантириш, аҳолининг бандлиги ва фаровонлигини ошириш мақсадига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Божхоначилар Ургутдаги кичик саноат зоналарини кўздан кечиришди

Қарорга мувофиқ, жами 62,45 га ҳудуд Самарқанд вилоят кичик саноат зоналари таркибига қўшимча равишда киритилди.

Шунингдек қарор билан кичик саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини тиклаш ишларининг манзилли рўйхати тасдиқланди. Унга кўра, манзилли рўйхатда назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун умумий қиймати 8 млрд. 621 млн. сўм миқдоридаги маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Ургут ЭИЗ таркибига эса Самарқанд шаҳридаги «Хишрав-2» массиви қўшилди. Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокимлигига мутасадди идоралар билан ҳамкорликда икки ҳафта муддатда “Ургут” ЭИЗ ҳудудининг чегараларини қайта белгилаш ва тегишли ер участкаларини ажратиш топширилди.

Айни кунда қурилиш ишлари авж палласига кирган. Вилоят тадиркорларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан барпо этилаётган корхона ва заводларни кўздан кечириш, керакли маслаҳатларни бериш ва яқиндан кўмаклашиш мақсадида вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш.Салихов Ургут туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан жойларда учрашув ўтказди.

Хусусан, туманда Хитой давлатининг “Tongyale Ltd” корхонаси билан “Пойафзал” ишлаб чиқариш лойиҳалашган “Urgut Elita Servis” МЧЖ фаолияти яқиндан танишилди.

Лойиҳа қиймати 7,29 млрд. сўмни ташкил этиб, шундан хорижий инвестиция улуши 600 минг АҚШ доллари, ўз маблағи 2,43 млрд. сўм. Лойиҳанинг йиллик қуввати   180,0 минг дона пойафзал ишлаб чиқаришни режалаштираяпти. Шунингдек, корхона томонидан 50 нафар иш ўринлари ташкил этилиши кутилаяпти. Лойиҳа 2018 йил 1 декабрга ишга тушиши белгиланган.

Корхонанинг қарама-қаршисидаги ер майдонини қўшиб олиш борасида муаммоси борлиги айтиб ўтилди.

Шундан кейин божхоначилар пайпоқ ишлаб чиқаришга лойиҳалашган “Urgut Best Business” МЧЖ корхонасида бўлишди. Корхона раҳбари К.Агзамовнинг айтишича, Хитой давлати билан ҳамкорликда қурилаётган корхона 2018 йил 1 декабрдан ишга тушади. Лойиҳа қиймати 4,83 млрд. сўм, хорижий инвестиция улуши 300 минг АҚШ доллари, ўз маблағи 1,8 млрд. сўм, банк кредити 624 млн. сўм.

Лойиҳанинг йиллик қуввати 1,5 млн. дона пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш, яратиладиган янги иш ўринлари 45 та.

Шунингдек, вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти тумандаги турли маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мослашган “Smart Hygiene Facilities”, “Ideal Elektro Lyuks”, “Urg Sam Tekstil”, “Amir Qodir Tekstil”, “Fortuna Urgut Medical”, “Salim Biznes Baraka” ва “Sam Vira Colur” МЧЖ каби ўнлаб корхоналарга ҳам ташриф буюришди. Корхона фаолияти яқиндан танишилди. Божхона соҳаси билан боғлиқ муаммолар ва берилган таклифлар ёзиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Самарқанд вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 16 мартдаги ПҚ-3607-сон қарори билан, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва давлат мулки объектлари ҳамда давлат улушига эга бўлган хўжалик жамиятлари негизида 53,1 гектар майдонда 14 та кичик саноат зоналари ташкил этилган эди.

КСЗ ҳудудидаги давлат кўчмас мулки тадбиркорлик субъектларига бизнес режаларини бажариш, иш ўринларини яратиш ва сақлаш, барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаш шарти билан кейинчалик мулк ҳуқуқи берилган холда 10 йиллик узоқ муддатли ижарага берилади.

Cамарқанд вилояти

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

 

11.08.2018

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг