Айни шундай тадбирларнинг навбатдагиси Гулистон давлат университетида ташкил қилинди. Бу эса бежиз эмас. Ҳозирда вилоят божхона бошқармасида хизмат олиб бораётган 40 нафарга яқин ходимлар айнан ушбу олий ўқув юртида таҳсил олишган.
Тадбир аввалида дастлаб талабаларга давлат божхона хизмати органлари ҳақидаги тасаввурларини бойитишга хизмат қиладиган турли видеоролик ва махсус кўрсатувлар намойиш қилинди.
Шунингдек, бошқарманинг бир қатор мутасадди вакиллари божхона соҳасидаги ислоҳотлар, тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилаётган қулайликлар ва шароитлар, кадрларни божхона хизматига қабул қилиш тартиблари, тизимга жорий қилинаётган ахборот-коммуникация технологиялари, божхона назоратини ташкил этиш ва божхона экспертизасини амалга оширишдаги сўнгги янгиликлар ҳақида батафсил ахборотлар беришди.
Шундан сўнг талабалар билан очиқ мулоқот ва ўзаро савол-жавоблар қизғин тус олди. Талабаларнинг жисмоний шахслар учун жорий қилинган божхона қоидалари, товарлар импортида акциз ва қўшилган қиймат солиқларини ундириш тартиблари, божхона қийматини аниқлаш усуллари ва бошқа бир қатор йўналишларда берган саволларидан кўриндики, талабаларда божхона соҳасига бўлган қизиқиш юқори.
Аммо, қизиқишнинг ўзи етарли эмас! Божхоначи бўлиш учун энг аввало юксак одоб-аҳлоқ билан бир қаторда пухта билим ва албатта жисмонан соғлом бўлиш талаб этилади.
Бир сўз билан айтганда бу каби тадбирлар ёшларни божхона соҳасига қизиқтириш билан бир қаторда улар орасидан юксак билимли ва интеллектуал ёшларни саралаб, божхона соҳасига жалб қилишга ҳам хизмат қилади.
7.11.2019