Қолаверса, пахта хом ашёси етиштиришнинг самарали усулларини жорий этиш, уруғлик хом ашё ишлаб чиқариш, уни қайта ишлаш ва тайёрлаш, шунингдек, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш асосида уларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 ноябрдаги “Жиззах вилоятида замонавий агрокластер ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-4009-сонли Қарори қабул қилинди. Шунга асосан, 2018 йилнинг 8 май куни Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ компаниялари иштирокида “Silverleafe Agriculture” савдо белгиси номи остида замонавий қўшма корхона ташкил этилди ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига агрокластер ташкил этиш учун 2000 гектар ер майдони ажратиб берилди.
Жиззах вилоят божхона бошқармаси томонидан мазкур агорокластер фаолияти билан танишиш, у ерда божхона соҳасига доир турли муаммолар юзага келишининг олдини олиш ва келгусида ўзаро ҳамкорликдаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида корхонага ташриф буюрилди.
Ташриф давомида салкам 44 миллиард сўмлик божхона имтиёзлари асосида корхонага олиб келинган замонавий ускуналарнинг ишлаш жараёни ҳам кўздан кечирилди. Бугунги кунда корхонада замонавий қишлоқ хўжалик техникалари, жумладан, АҚШ, Германия, Франция, Канада ҳамда Бразилияда ишлаб чиқарилган 22 тадан ортиқ “JOHN DEERE” ва“JCB” русумидаги кўп функцияли тракторлари, пахта териш машиналари ҳамда 28 та ерга ишлов берувчи агрегатлари (ёрдамчи мосламалари), эҳтиёт қисмлари келтирилган ва ҳозирда улардан самарали фойдаланиб келинмоқда.
Кейинги манзил “Пахтакор пахта тозалаш” заводи бўлди. Бу ерда замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ёрдамида териб олинган пахта хом ашёси автоматик қурилмалар ёрдамида тоза ва қайта ишлаб чиқаришга тайёр маҳсулот кўринишига келтирилади.
Маълумот тарзида айтиш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 230-сонли Қарорига асосан, “Silverleafe Agriculture” савдо белгиси номи остидаги қўшма корхонага Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидан катта миқдорда ер майдони ажратилиши белгиланди.
Бугунги кунда, ушбу пахта тозалаш заводини модернизация қилиш мақсадида 5 млрд. сўм миқдоридаги таъмирлаш ишлари амалга оширилди ҳамда хориждан 380,0 минг АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган ишлаб чиқариш линиялари, ускуналар ва эҳтиёт қисмлари божхона имтиёзлари асосида олиб келинди.
Божхона ходимлари агрокластернинг бугунги фаолиятини ўрганиш, божхона соҳасида уларга берилаётган кенг имконият ва имтиёзларни тушунтириш билан бирга, корхонанинг келажакдаги режали ишлари билан танишиб чиқишди.
Хусусан, келгусида қўшма корхона томонидан Пахтакор туманида замонавий “Пульсар” суғориш тизимини жорий этиш орқали пахта ҳосилдорлигини ошириш режалаштирилмоқда. Бу усулда суғориш лойиҳасига эса 100 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қўшимча инвестиция маблағлари жалб этилади.
Шунингдек, кластер лойиҳаси доирасида тайёр маҳсулотлар “Питер Миллар”, “Костко” ҳамда “Таргет” номли компанияларининг буюртмасига асосан АҚШ ва Европа бозорларига экспорт қилинади. Бу орқали туманнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта маблағлари тушумининг кўпайишига эришилади.
Айтишимиз мумкинки, бу каби қулай шароитлар ва енгилликлар самараси ўлароқ, вилоятнинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти кун сайин ривожланиб, жаҳон бозорида мамлакатимиз маҳсулотларига бўлган талаб тобора ортиб бориши шубҳасиз. Албатта бу ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, ишлаб чиқариш ҳажмини янада кучайтириш ва бу маҳсулотларни кўпгина бошқа мамлакатларга ҳам экспорт қилиш ишларини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бу йўлда божхона ходимлари ҳам ўз ваколати доирасида тадбиркорларга ёрдам беришга ва уларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёр.
7.11.2019