Хусусан, ушбу хабарда гўёки муҳокамага қўйилган Президент қарори лойиҳаси қабул қилинган тақдирда, 1 январдан бошлаб ўзбекистонликларнинг яқин ва узоқ хориждан ўзи ва оиласи учун олиб келадиган ҳар қандай
совға-саломи, 300 доллардан ошган тақдирда 50 фоизгача божга тортилиши қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда товарларни божхона тўловларисиз мамлакатимизга олиб кириш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 февралдаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3512-сонли Қарори асосида тартибга солинган.
Мазкур Қарорга мувофиқ, жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги халқаро аэропортлар орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 2000 АҚШ доллари, темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 АҚШ доллари миқдорида ҳамда автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилган.
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳасида, ушбу меъёрларни камайтириш эмас, балки юқорида қайд этилган божхона тўловларисиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча олиб кирилган товарлардан ундириладиган бир қанча божхона тўловлари ўрнига ягона божхона тўловини жорий этиш ва божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган тартибини амалиётга тадбиқ этиш назарда тутилган.
Аммо қарор лойиҳаси мазмунини тўлиқ англаб етмаган айрим фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари томонидан мазкур қарор лойиҳаси нотўғри талқин қилинмоқда.
Гўёки янги қарор лойиҳаси қабул қилингач, хориждан ҳаво йўллари ёки темир йўл транспортида Ўзбекистонга кириб келганда ўз эҳтиёжлари учун олиб келинган 300 АҚШ долларидан ошган қийматдаги товарларга божхона тўловлари тўлаш жорий қилиниши ҳақида асоссиз фикрлар билдирилмоқда.
Ваҳоланки, юқорида таъкидланганидек 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб кириш меъёри фақатгина автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда қўлланилади.
Мазкур қарор лойиҳасида ягона божхона тўлови, хусусан, республикамизга жисмоний шахслар томонидан божхона тўловлари ундирилмайдиган чегаравий нормадан ошган товар қийматидан келиб чиқиб, товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси коди ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъий назар, барча тоифа(категория)даги товарлар бўйича ундирилиши кўзда тутилган.
Лойиҳада ягона божхона тўловини қуйидаги миқдордаги ставкаларда ўрнатиш таклиф этилган:
- озиқ-овқат маҳсулотлари учун - 30%, лекин камида 1 кг учун 2 AҚШ доллари;
- ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун - 50%, лекин камида 1 кг учун 4 AҚШ доллари.
Ставкалар амалда ўрнатилган божхона божлари, акциз солиғи ва қўшилган қиймат солиғи ставкаларининг ўртача йиғиндиси асосида ҳисобланади.
Ҳозирги амалиётда жисмоний шахслар томонидан олиб келинган ушбу товарларнинг келиб чиқиш сертификатлари тақдим қилинмаган тақдирда Божхона кодексининг 300-моддаси талабларига мувофиқ ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилган миқдорида ҳисобланмоқда.
Масалан, колбаса ва сосиска маҳсулотларига 93,9%, гиламларга 110,7 % миқдорида божхона тўловлари ҳисобланган.
Таъкидлаш жоизки мамлакатимиз чегара божхона постлари орқали 2017 йилда 21 млн. 677,2 минг, 2018 йилда 40 млн. 350 минг, 2019 йилнинг 9 ойи давомида эса 32 млн. 120,9 минг нафар фуқаролар ҳаракатланган.
Фақатгина жорий йилнинг 9 ойи кўрсаткичларини таҳлил қиладиган бўлсак, жисмоний шахслар томонидан мамлакатимизга божхона тўловлари ундирилмайдиган меъёрлардан ортиқча умумий қиймати 62,4 млрд. сўмлик товарлар олиб кирилган бўлиб, улардан жами 44,1 млрд. миқдорида сўм божхона тўловлари ундирилган.
Бу эса ундирилган божхона тўловлари ставкасини ўртача йиғиндиси 70,6 фоизни ташкил этаётганлигини кўрсатмоқда.
Ягона божхона тўловининг жорий этилиши билан ушбу миқдор камаяди, чегара ўтказиш пунктларида тўловларни ҳисоблаш тартиботлари кескин соддалаштирилади ва тирбандликларни олди олинади.
Бугунги кунда белгиланган меъёрдан ортиқча товарлар учун тўловларни ҳисоблашга сарфланаётган ўртача вақт 40 дақиқани ташкил этаётган бўлса, ягона божхона тўловининг жорий этилиши натижасида товарларни расмийлаштириш учун 10 дақиқа вақт сарфланади холос.
Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида, ягона божхона тўловини жорий этиш бўйича халқаро тажриба ҳам тўлиқ ўрганиб чиқилди.
Бу каби амалиёт Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларда ҳам йўлга қўйилган бўлиб, ушбу давлатларда жисмоний шахслар томонидан божсиз олиб кириш нормасидан ошган олиб ўтилаётган товарлар бўйича божхона расмийлаштируви қўшилган қиймат солиғи, акциз ва божхона божи ўрнига, соддалаштирилган тартибда, ягона божхона тўловини ундириш йўли билан амалга оширилади.
Мазкур тўлов шакли товарлар қийматидан 30%, лекин ҳар бир кг.дан 4 евродан кам бўлмаган миқдорда, хусусан нормадан ошган қисмига ундирилади.
Шунингдек, Жанубий Корея давлати божхона қонунчилигига мувофиқ, ушбу мамлакатга қиймати 600 AҚШ долларидан ошмайдиган товарлар божхона тўловлари ва солиқларни тўламасдан олиб кирилади.
Aгар олиб кирилаётган товарларнинг қиймати белгиланган чегарадан ошиб кетган бўлса, божхона тўловлари фақат ошиб кетган қисми учун тўланади. Бундай ҳолда соддалаштирилган божхона тўловининг ставкаси 20 дан 55 фоизгача қўлланилади.
Ҳозирда умумхалқ муҳокамасига қўйилган мазкур қарор лойиҳаси юзасидан халқимиз томонидан кўплаб асосли таклифлар билдирилмоқда.
Давлат божхона қўмитаси томонидан мазкур таклифлар чуқур ўрганилган ҳолда қарор лойиҳасини такомиллаштириш ҳамда ягона божхона тўлови ставкасини янада оптималлаштириш йўналишида ишлар давом эттирилмоқда.
5.11.2019