Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхонага оид янги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти тадбиркорларга етказилди
1319
Ҳар қандай мамлакат ривожида шубҳасиз тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали экспорт салоҳиятини ошириш ва валюта киримини кўпайтириш ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Шу боис ҳам бугун юртимизда ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, экспортни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар бугун ўзининг ижобий самарасини бермоқда, дея бемалол айта оламиз.
Божхонага оид янги меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти тадбиркорларга етказилди

Жиззах вилоят божхона бошқармасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, божхона соҳасида улар дуч келаётган муаммоларни ҳар томонлама ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида ташкил этилган очиқ мулоқотда бу каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тадбирда божхона тўловлари соҳасида қабул қилинаётган янги меъёрий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда мамлакатимизга сифатсиз, аҳоли саломатлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш ва ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига интерактив хизматларни кўрсатиш мавзулари бўйича иштирокчиларга батафсил маълумот ва тушунчалар берилди.

Шунингдек, тадбирда вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи Ўлмас Абдиев ҳам иштирок этиб, дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан бири бўлмиш коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақида аниқ ҳаётий мисоллар билан маълумотлар бериб ўтди.

Бундан ташқари, учрашувда бошқарманинг Ўз хавфсизлик гуруҳи бошлиғи Б.Анварханов ҳам сўзга чиқиб,  божхона органларида коррупция ҳамда тамагирлик каби салбий иллатларни бутунлай бартараф этиш бўйича тизимда олиб борилаётган ишлар хусусида тадбиркорларга батафсил маълумотлар берди. Шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 11-08 рақамли ишонч телефонлари фаолият олиб бораётганлиги айтиб ўтилди.

Тадбир якунида тадбиркорлар кун тартибидаги мавзулар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан тегишли жавоблар олишди. 

31.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг