Айнан ушбу сайловлар ватанимизнинг кейинги тараққиёт йўлини белгилашда, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Зеро, ҳар бир депутат халқнинг чинакам вакили сифатида жамият манфаатларини ҳимоя қилиши, мавжуд муаммо ва камчиликлар ечимида ташаббус кўрсатиб ўзига билдирилган ишончни оқлаши лозим.
Қайд этиш лозимки, бу йилги сайловларда “Адолат” социал демократик партияси, Миллий Тикланиш демократик партияси, Либерал демократик партия, Халқ демократик партияси ҳамда Экологик партия номзодлари илгари сурилади.
Навоий вилояти божхона бошқармасида ўтказилган навбатдаги маънавият-маърифат машғулоти ҳам айни шу масалаларга бағишланди. Унда Навоий вилояти сайлов комиссияси раҳбари Шуҳрат Жўраев иштирок этиб, божхона ходимларига сайлов қонунчилиги ва бу йилги сайловлар бўйича батафсил маълумот берди.
Шуҳрат Жўраев сўзларига кўра, бўлажак сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топган илғор демократик ғояларнинг ёрқин ифодаси бўлиши лозим.Шу боисдан сайловларни адолатли, очиқ ва ошкора равишда ўтказиш устувор вазифа сифатида белгиланиб, бу борада қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, бу йил сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг янги Сайлов кодекси асосида ўтказилади. Бундан ташқари, республика бўйлаб барча сайловчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилади. Ўз навбатида ушбу саъй-ҳаракатлар сайловларнинг холисона ўтказилишида катта аҳамиятга эга.
Учрашув давомида сайлов округи ва участкаларини тузиш тартиби ва уларнинг ваколатлари, сиёсий патиялар томонидан имзоларни тўплаш тартиби, сайловолди ташвиқот тадбирларини олиб бориш шакли ва усуллари ҳамда участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар ва хоналарни жиҳозлашга доир талаблар ҳақида фикр юритилди.
Тадбир якунида ходимлар томонидан берилган сайлов қонунчилигига оид саволларга тушунтиришлар берилди.
31.10.2019