Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Импорт божининг янги ставкаларига бағишланган пресс-брифинг бўлиб ўтди
2553
2019 йил 28 октябрда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3818-сон қарорига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” 2019 йил 2 октябрдаги ПҚ-4470-сон қарорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ёритиш бўйича пресс-брифинг бўлиб ўтди.
Импорт божининг янги ставкаларига бағишланган пресс-брифинг бўлиб ўтди

Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси раҳбарияти ушбу қарорни қабул қилишга сабаб бўлган омиллар ва кутилаётган натижалар юзасидан батафсил ахборотлар беришди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур қарор миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш, инновацион ривожланиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, қулай инвестиция муҳитини шакллантириш мақсадида қабул қилинган. Қарор билан импорт божининг янги ставкалари тасдиқланди.

Брифингда Давлат божхона қўмитаси Раиси ўринбосари М.Салиев иштирок этиб, мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан кўргазмали тарзда батафсил тушунтиришлар берди.

Таъкидланишича, Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатурасидаги 11293 та товар позицияларидан

  • 7261 та товар позицияси ўзгаришсиз қолган;
  • 2 730 тасига – божхона божи ставклари жорий этилди;
  • 1 096 тасига – божхона божи ставкалари оширилди;
  • 208 тасига – божхона божи ставкалари пасайтирилди.

Киритилган ўзгаришлар натижасида импорт божхона божининг ўртача арифметик ставкаси 8 % ни ташкил этади.

Анжумадан журналистларга бож ставкалари бўйича киритилаётган ўзгаришларнинг ички истеъмол талабига таъсири, бож ставкаларининг хорижий давлатларнинг бож ставкалари билан таққослама таҳлили ҳақида батафсил ахборотлар берилди.

Бож ставкаларига киритилган ўзгаришлар юзасидан энг кўп импорт қилинаётган товар позициялари мисолида берилган тушунтиришлар ҳам журналистларда мавзу юзасидан аниқ таассуротларни шакллантирди.

Яна бир муҳим жиҳатни унутмаслик керак - МДҲ мамлакатлари ҳудудидан олиб кириладиган товарлар учун Эркин савдо зонаси тўғрисидаги халқаро шартномага мувофиқ импорт божхона божи ундирилмайди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида республикага импорт қилинаётган тўловга тортиладиган товарларнинг 50 фоизи эса айнан МДҲ давлатларига тўғри келган.

Масалан, кундалик турмушимизда энг кўп истеъмол қилинадиган кунгабоқар ёғи ва ун мисолида мавзуга ёндошамиз.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида республикамизга  қиймати 114,9 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи 139,9 минг тн. кунгабоқар ёғи импорт қилинган. Шундан атига минг долларлик ёғ бошқа хорижий давлатлардан келтирилган. ҚҚС ставкасининг 5 фоизга пасайтирилганини инобатга олсак, МДҲ давлатларидан олиб келинаётган кунгабоқар ёғи қайтангга арзонлашади.

Гарчи, ушбу товарга нисбатан импорт божи 5 фоизга оширилган бўлса-да, МДҲга аъзо давлатлардан бошқа  мамлакатлардан олиб кириладиган кунгабоқар ёғининг (ҚҚСнинг 5 фоизга туширилгани ҳисобига) нархи атиги 0,75 фоизига ошишини кутиш мумкин.

Ёки мавзуга ун мисолида ёндошсак, ҳисобот даврида Ўзбекистонга қиймати 61 млн. АҚШ долларини ташкил қилувчи 345,8 минг тн. ун импорт қилинган. Импорт ҳажмининг 99,9 фоизи МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.

Ушбу товар учун импорт божхона божи ставкаси 5 фоизга оширилди, бироқ ҚҚС ставкаси 5 фоизга пасайтирилгани ҳамда импортнинг асосий қисми МДҲ мамлакатларидан амалга оширилиши натижасида уннинг ўртача нархи 5 фоизга пасайишини кузатиш мумкин. 

2019 йилнинг 9 ойи давомида энг кўп импорт қилинган товарлар таҳлил қилинганда, божхона тўловларининг умумий ставкаси ўртача 27,19 фоизни ташкил этди. 

2020 йил 1 январдан жорий этиладиган импорт божи ставкалари ҚҚСнинг 15 фоизга туширилиши билан ҳисоб-китоб қилинганда бу кўрсаткич 26,88 фоизни ташкил этиб, 2019 йил 1 октябрга қадар бўлган умумий ставкага нисбатан 0,31 фоизга пасайиши ҳисоб-китоб қилинди.

Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 

 

28.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг