Иқтисодиётнинг барча тармоқларида жадаллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб, юртимизнинг экспорт салоҳияти ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Бу каби ижобий натижаларга мамлакатимизда экспортчи корхоналар учун зарур ва қулай имконият, етарли шарт-шароит яратилгани ҳамда солиқ ва божхона имтиёзларининг берилиши натижасида эришилмоқда.
Айни дамда экспортёр корхоналарнинг товарларини хорижий бозорларига тез ва сифатли тарзда етказиб берилишини таъминлаш ҳамда тадбиркорларнинг экспорт борасидаги билим ва тажрибаларини янада ошириш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан учрашувлар ташкиллаштирилиб келинмоқда.
Худди шундай учрашувлардан навбатдагиси вилоятда фаолият кўрсатувчи “Қоракул асака текстил” ва “Қоракул кумуш калава” масъулияти чекланган жамиятларида ўтказилди.
Ўтказилган учрашувларда ишлаб чиқарилаётган ярим тайёр маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилиши ва айни кунларда корхоналардаги маҳсулотларга Россия, Белоруссия, Хитой ва Туркия давлатлари харидор бўлаётгани тўғрисида сўз борди. Шунингдек, яқин келажакда эса, энг илғор ва замонавий ресурс тежамкор технологиялар билан жиҳозланган жамиятда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилгани таъкидлаб ўтилди.
Бугунги кунда вилоят божхона бошқармаси мутассадди ходимлари, тадбиркорларга фаолият турларини янада кенгайтириш учун зарур техник ускуна ва жиҳозларни импорт товар кўринишида келтириш ҳамда маҳсулот экспорти бўйича амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Албатта, бу каби ўзаро ва яқин ҳамкорликдан кўзланган асосий мақсад, экспортёр корхона раҳбарларининг тегишли муаммоларни ўрганиш, уларни маҳсулот экспорти борасидаги янгиликлар билан таништириб бориш, пировардида эса, мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборатдир.
28.10.2019