Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Аёлларнинг жамиятдаги ўрни” мавзусида тадбир бўлиб ўтди
2739
Тошкент шаҳар божхона бошқармасида “Аёлларнинг жамиятдаги ўрни” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
“Аёлларнинг жамиятдаги ўрни” мавзусида тадбир бўлиб ўтди

Унда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритилди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Республикаси маънавият ва маърифат маркази эксперти Эшназаров Мухаммадали оила – миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг, оилада эса аёлнинг ўрни ва таъсири беқиёслиги, авлодлар давомийлиги, қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни, қолаверса, халқимиз маънавий меросининг авлоддан авлодга ўтишини таъминлавчи омил эканлиги, оилани қўллаб-қувватлаш масаласи давлатимизнинг доимий диққат эътиборида турганига алоҳида тўхталиб ўтди.

Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос олижаноб хусусиятлардан биридир. Шу маънода Ўзбекистонда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқейини мустаҳкамлаш борасида давлат аҳамиятига молик тарихий ишлар амалга оширилмоқда. Зеро, жамиятда сиёсий, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва тараққиёти аёлларга, ёшларга, оилага бўлган муносабат ва эътибор билан боғлиқ. Республикамизда аёллар билан боғлиқ масалалар давлат ва жамиятнинг диққат марказидадир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46 – моддасида “Хотин – қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар” деб таъкидланишида, ҳамда бунга ҳаётнинг барча жабҳаларида амал қилиниши фикримиз далилидир.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий ислоҳотларнинг бош мақсади инсон, оила манфаатларини таьминлашдан иборатдир. Президентимизнинг 2018 йил 2 февралда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш, ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқорорлаштиришга қаратилган бўлиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни инобатга олган оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларни, айниқса, ёш оилаларни ҳуқуқий ва ижтиомий-иқтисодий манфааталарини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасида олиб борилаётган барча ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, жисмонан соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама ривожланган баркамол авлодни тарбиялашда оиланинг ролини оширишга қаратилган муҳим дастурий ҳужжат бўлиб хизмат қилади.

Тадбирда оилаларни янада мустаҳкамлаш, ёшларни турмуш қуришга тайёрлаш, никоҳ, оилада эркак ва аёлнинг ўрни, фарзанд тарбиясида ота-онанинг ибрати масалалари бўйича алоҳида фикр юритилди. Юртимизда хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиб келинади. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойларидаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эьтибор қаратилади.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоблар олишди.

 

26.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг