Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар шароитида давлат қурилиши ва ҳуқуқий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини аниқлаштириш, унинг мақсад ва вазифаларини ислоҳотларнинг бугунги тараққиёти асосида шакллантириб бориш, инсон манфаатларини таъминлашнинг стратегик жиҳатдан янги воситалар билан бир қаторда, ҳам тактик хусусиятга эга бўлган янги усулларни қўллаш, шахс ҳамда жамият манфаатларини янада самаралироқ ҳимоя қилиш, коррупцияни олдини олишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш эҳтиёжи вужудга келиши билан белгиланади.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисидаги “Эркин ва фаровон, демократик Ўзбекистон давлатини мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” мавзуидаги маърузасида “Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо, албатта, муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўришимиз зарур”, дея таъкидлаганлар.
Зеро, коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.
Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.
Хўш, ривожланган мамлакатларда коррупцияга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилишининг сабаби нимада?
Ҳозирги даврда коррупция кўпгина давлатларнинг иқтисодий ва сиёсий салоҳиятига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб бера олди. Унга қарши курашиш, мунтазам равишда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб вазифалардан бирига айланди.
Жаҳон мамлакатларида коррупцияга қарши курашнинг қуйидаги усуллари мавжуд. Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди.
Бунда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортади. Яъни, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш ушбу давлатларни коррупция даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиққан. Биз қуйида Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда қўлланилган усуллар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.
Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб, суд тизимининг мустақиллиги оширилди. Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.
Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди (кўп давлатларда жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд). Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади.
Жаҳон тажрибасида коррупцияга қарши кураш бўйича ўзини оқлаган бошқа усуллар борми? Юқорида қайд этилганидек, жазо чоралари самараси унча муҳим эмас. Коррупцияга қарши курашда асосий эътибор уни олдини олиш чораларига қаратилиши керак. Ҳар қандай усул аҳолининг онгидаги ўзгаришларсиз самарасиз бўлиб қолаверади. Ушбу йўналишдаги ишлар мактаб ёшидан одоб-ахлоқ бўйича мақсадли таълим дастурларини ўз ичига олади. Улар мамлакат иқтисодиётига катта зарар келтирувчи ва аҳоли турмуш даражасига таъсир салбий кўрсатувчи коррупция ҳаракатларининг яққол мисоллари ва уларнинг оқибатларини ўз ичига олган бўлиши керак.
Х.Турдибоев
Хоразм вилояти божхона бошқармаси
24.10.2019