Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
#bojxonaPR: Тошкентда божхона органларининг ахборот хизмати ходимлари учун семинар бўлиб ўтмоқда
869
Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ҳудудий божхона бошқармаларининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳлари ходимлари учун семинар-тренинг ўз ишини бошлади.
#bojxonaPR: Тошкентда божхона органларининг ахборот хизмати ходимлари учун семинар бўлиб ўтмоқда

2019 йил 24-25 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Божхона органлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишда ҳудудий божхона бошқармалари ахборот хизматларининг ролини ошириш” мавзусидаги мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ-4366-сон қарори ижроси доирасида ташкил қилинмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидлаганларидек, “...Бугунги кунда амалга ошираётган ислоҳотларимиз, халқ билан мулоқот давлат сиёсати даражасига кўтарилгани туфайли жамиятимизда очиқлик ва эркинлик муҳити тобора кучайиб бормоқда..... Бугун замон ўзгарди. Энди ҳаммамиз эркинлик, очиқлик, ошкоралик шароитида ишлашга ўрганишимиз лозим. Барча ривожланган давлатлар, дунё ҳамжамияти шундай яшамоқда.”

Шу боисдан, семинар-тренингда асосий эътибор Ахборот хизматлари ходимларининг халқ билан очиқ мулоқот қилиш ҳамда фуқаролар билан яқин ҳамкорликда ишлаш кўникмасини шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Семинарга жамоатчилик билан алоқалар соҳасидаги профессионал мутахассислар, таниқли экспертлар ва блогерлар жалб қилинган.

Дастурга мувофиқ семинарнинг илк кунида

давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланишини таъминлаш, уларнинг ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева;

телевидение учун тезкор лавҳалар тайёрлашнинг муҳим шартлари, интервью олиш ва Stend-up маҳорати юзасидан “Менинг юртим” телеканали Бош муҳаррири Дилшод Файз;

ҳуқуқ журналистикасида матнли хабарлар устида ишлаш, ҳуқуқбузарликларни ёритишда айбсизлик презумпцияси юзасидан ҳуқуқий соҳага ихтисослашган журналист,  “Xabar.uz” мухбири Турсунали Акбаровлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

Шунингдек, семинарда божхона амалиётига жорий қилинаётган илғор ва инноваиион усуллар, замонавий ахборот тизимлари ва интерактив хизматларнинг аҳамияти, божхона қонунчилигидаги сўнгги янгиликларни кенг аудиторияга етказишдаги муҳим жиҳатлар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг масъул раҳбар ходимлари томонидан ҳам кўргазмали маърузалар амалга оширилди.

Семинар давомида иштирокчилар "Менинг юртим" телеканалида бўлиб, ижодий жамоанинг иш фаолияти билан яқиндан танишишда ва ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш масалаларини муҳокама қилишди.

Семинар 25 октябрь куни ҳам ўз ишини давом эттиради.

24.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг