Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз
1522
Коррупция тушунчаси анчайин кенг бўлиб, қуйи табақадан тортиб то юқори табақагача бўлган аҳолининг деярли барча ижтимоий қатламларини қамраб олган.
Коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз

Коррупцияга қарши БМТ конвенциясида келтирилган таърифга кўра, коррупция давлат амалдорига шахсан ёки бошқа шахслар орқали лавозим мажбуриятлари доирасида қандайдир ҳаракат ёки ҳаракатсизликни амалга ошириши учун мансабдор ва бошқа шахс учун ғайриқонуний бўлган имтиёз ваъда бериш, таклиф қилиш ёки тақдим қилиш ҳисобланади. Бундай таъриф маълум бир лавозим мажбуриятларига эга хусусий шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Коррупцияда доим камида икки томон иштирок этади. Бунда бир томондан ноқонуний йўл билан бойлик орттираётган (ўзи ёки учинчи шахс учун) мансабдор шахс ва бошқа томондан мансабдор шахсдан актив ёки пассив усулда унинг манфаатини кўзловчи қарор қабул қилинишини кутаётган шахс.

Жаҳон тажрибасига тўхталадиган бўлсак, Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб суд тизимининг мустақиллиги оширилди (судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига). Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.

Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди (ХХР да жуда кўп миқдорда пора олганлик учун ўлим жазоси мавжуд). Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш лозим бўлади.

22.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг