Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент-товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари фуқаро Р.Ҳ. томонидан салкам 505 миллион сўм имтиёз асосида олиб кирилаётган автокран воситасининг ёрлиқларидаги маълумот билан автомашинанинг ҳолати божхоначилар эътиборини тортди ва автотранспорт воситаси белгиланган тартибда экспертизадан ўтказилди.
Натижада, мазкур автотранспорт воситаси ҳужжатларда кўрсатилганидек 2017 йилда эмас, балки 2010 йилда ишлаб чиқарилгани маълум бўлди.
Шунингдек, мазкур постнинг ўзида яна бир ҳолатда хориждан пойтахтимиздаги иккита корхона номига келтирилган “Кран ва қазиш мосламаси” ҳамда “Аэродром газ станцияси” товарларига тақдим этилган божхона юк декларацияларида товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси (ТИФ ТН) коди нотўғри таснифланганлиги маълум бўлди. Натижада божхона тўловларидан имтиёз нотўғри қўлланилишининг олди олиниб, давлат бюджетига қўшимча 12,3 миллиард сўм божхона тўловлари ҳисобланди.
Шунга ўхшаш ҳолатларда, мазкур божхона пости ҳамда “Арк булоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан хориждан корхона номига келган товарнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодини нотўғри таснифлаб божхона расмийлаштирувига тақдим этганлиги аниқланди. Натижада 57,7 миллион сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Яна бир ҳолатда, “Сергели” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан хориждан темир йўл контейнерида пойтахтимизда фаолият олиб бораётган корхона номига келган товарлар назоратдан ўтказилди.
Божхона кўриги натижасида, контейнерларда ҳужжатларда кўрсатилган товарлардан ортиқча бўлган жами 910 кг оғирликдаги “Полиуретанли герметик, қотирувчи” товарлари борлиги аниқланди. Аниқланган қонунбузилиши ҳолати натижасида, давлат бюджетига 8,6 миллион сўм божхона тўловлари ундирилмай қолишининг олди олинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
22.10.2019