Ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлаш, миллий ғуруримиз белгиси ҳисобланган она тилимиз мақомини бундан-да юксалтириш йўлида республикамиздаги олий таълим муассасаларида давлат тилини ўқитиш борасида тўпланган илғор тажрибаларни таҳлил қилиш ва умумлаштириш ҳамда инновацион таълим методларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Божхона институтида “Ўзбек тили таълимининг замонавий тенденциялари” мавзусидаги илмий-амалий давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатида республикамизнинг турли олий таълим муассасалари, жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Ўзбекистон Миллий университети, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат юридик университети, Ички ишлар вазирлиги Академияси олимлари ва тадқиқотчилари, Божхона институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ва курсантлари иштирок этдилар.
Давра суҳбатида ўзбек тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги, ҳозирги кунда ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари ва давлат тилини ўқитишда мавжуд муаммоларга бағишланган маърузалар тингланди.
Мунозараларда тадбир иштирокчилари томонидан ўзбек тилининг аҳамияти ортиб бораётганини ҳисобга олиб, институт курсантларини Ватанимизга, ҳалқимизга, миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда тилаклар билдирилди ва ўзбек адабий тилини ўқитиш самарадорлигини янада оширишга оид таклиф ҳамда мулоҳазалар айтиб ўтилди.
21.10.2019