Давлат божхона қўмитаси Раиси, божхона хизмати генерал-майори М.Азимов божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий йўналишлар бўйича устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Шу жумладан, ташқи иқтисодий фаолиятдаги муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш, тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш ҳамда унинг оддий ва содда халқ тилида бўлишини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникациялар технологиялари ҳамда хавфни бошқариш тизимини кенг қўллаган ҳолда соддалаштирилган ва шаффоф божхона маъмурчилигини йўлга қўйиш каби устувор вазифалар белгилаб берилган эди.
Мурожаатномада Президентимиз таъкидлаганидек, “Халқ давлат органлари учун эмас, давлат органлари халқ учун хизмат қилиши лозим” ғояси остида хизмат фаолияти ташкил этилиб, асосий эътибор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш, ҳал этиш ҳамда уларнинг таклифлари асосида божхона тартиботларини соддалаштириш ва шаффофлигини оширишга қаратилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг барча халқаро аэропортларидаги божхона назорати ва расмийлаштируви йўловчиларнинг, айниқса хорижий сайёҳларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, тубдан такомиллашди.
Республикамизнинг халқаро аэропортларида “яшил” ва “қизил” йўлаклар тизими жорий этилди. Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали нақд хорижий валютани олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби соддалаштирилди, улар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлари оширилди.
Тадбир давомида чегара ўтказиш пуктларида божхона ходимлари учун мўлжалланган янги форма ҳам тақдим этилди.
Мазкур форма ранги, дизайни ва погонлар йўқлиги билан аввалгисидан фарқланади.
Янги форма эса ходимларга йўловчилар ва пойтахт меҳмонлари янада дўстона кутиб олиш ва кузатишга имкон беради.
Халқаро пресс клубда юртимизда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб, божхона органлари томонидан берилиши лозим бўлган божхона соҳасидаги қуйидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилинди.
Вақтинча олиб кириш, вақтинча олиб чиқиш, реэкспорт, реимпорт, давлат фойдасига воз кечиш, йўқ қилиш, божхона ҳудудида қайта ишлаш, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш каби 8 та божхона режимларига товарларни жойлаштириш учун рухсатнома бериш, хорижий автомобилда юк ташувчилар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳаракатланиш йўналишларини ўзгартиришга рухсатнома бериш, божхона брокери сифатида фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома бериш шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, божхона брокерларига мурожаат қилмасдан туриб, божхона юк декларацияларини интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона идораларига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.
“Божхона омбори”, “бож олинмайдиган савдо дўкони” ҳамда “эркин омбор” фаолияти билан шуғулланиш учун божхона органи томонидан бериладиган лицензиялар чекланмаган муддатга бериш жорий этилди.
Тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларда намойиш этишлари учун умумий қиймати 5000 АҚШ долларигача бўлган миқдордаги товарларини божхона юк декларацияси тўлдирмасдан, юк кузатув ҳужжатлари асосида олиб чиқишга рухсат берилди.
“Telegram” ижтимоий тармоғида Давлат божхона қўмитасининг махсус группаси (@exportgtk.uz яратилди. Ушбу гуруҳ ёрдамида товарлар экспортида, шу жумладан товарларни “экспорт” божхона режимига расмийлаштиришда вужудга келаётган муаммоларни кузатиб бориш ва ўз вақтида бартараф этиш имконияти яратилмоқда.
Тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш, ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларини “ўзбек бренди” остида “Соддалаштирилган божхона йўлаклари” орқали амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштиришни янги, янада муҳим босқичга олиб чиқмоқда.
Яъни, умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорлик ва туризмни фаол ва жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга хизмат қилмоқда.
2018 йил 1 сентябрдан товарларни божхона кўригини танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда хавфни бошқариш тизими тўлиқ ишга тушади.
Ушбу тизимга кўра, экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида хавфни бошқариш тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этган ҳолда божхона кўриги ўтказилади.
Хавфни бошқариш тизимида товарни божхона кўригидан ўтказиш кераклиги тўғрисидаги қарорни тадбиркорлик субъектининг ҳалоллигига қараб, автоматлаштирилган дастурдаги ахборотлар асосида қабул қилиниши кўзда тутилмоқда. Яъни субъектив ёндашувдан воз кечилади.
Сессияда божхона ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирлар ва божхона кўриклари натижасида жами
5215 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 69,9 млрд. сўмлик товарлар олиб қўйилганлиги таъкидланди.
Ўтказилган тезкор тадбирларда 23,9 кг. гиёҳвандлик воситалари,
567 дона психотроп моддалар, 22 дона ўқотар қурол, 202 дона жанговар ўқ-дори, 4421 дона диний мазмундаги, шафқатсизлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи материаллар ҳуқуқбузарлардан олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-3818-сонли қарори қабул қилиниб, импорт божи ва акциз солиғи ставкалари унификация қилинди ва улар 2019 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилиши белгиланди.
Жумладан, жами 11 295 товар позициясидан 3 410 таси бўйича божхона божи ставкалари тушурилиб, 8 166 та товар позицияси учун божхона божи 0 ставка миқдорида белгиланди. Божхона божи ставкасини ўртача арифметик ҳисоби амалдаги қарор буйича 6,45 % ташкил этган бўлса, янги қабул қилинган қарор бўйича 4,07 %ни ташкил этиб, 1,5 баробарга камайган.
Акциз солиғига тортиладиган жами 1 530 та товар позицияларидан 778 тасига акциз солиғи ставкаси 0 ставка миқдорида белгиланди (қисқариш 1,9 баробар), 752 та товар позициялари бўйича 5 %дан 70 %гача бўлган ставкалар янада қисқартирилди.
Шу билан бирга, 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилиши;
иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмаслиги;
товарларни “эркин муомалага чиқариш (импорт)” режимига божхона расмийлаштируви учун давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмаслиги назарда тутилган.
2018 йил 1 сентябрдан Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини берадиган “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати жорий этилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилиши белгилаб қўйилди.
Айни пайтда 2018 йил 1 ноябрига қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқиш устида қизғин ишлар олиб борилмоқда.
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати
9.08.2018