Байрам тадбирлари Соҳибқирон Амир Темур мақбарасини зиёрат қилиш билан бошланди. Шундан сўнг, байрам тадбирлари вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан Соҳибқирон Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими билан давом этди.
Тадбирда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси раҳбарияти бошчилигида бир гуруҳ божхона ходимлари ҳам байрам муносабати билан сохибқирон ҳайкали пойига гуллар қўйишди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Самарқанд шаҳри куни тадбирлари доирасида мавжуд майдон ва бошқа жойларда оммавий халқ сайиллари, саноат, қишлоқ хўжалик, ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма савдоси ташкил этилди.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, барчамизга маълумки, 1996 йил 18 октябрь куни Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган. Шундан буён ушбу кун вилоятда кенг нишонланиб келинади.
Уч минг йиллик тарихга эга бўлган бу шаҳар илм, савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик маркази шунингдек, дунё тараққиётининг йирик марказларидан бири ҳисобланади.
Самарқанд шаҳрида ҳозирги кунда ўндан зиёд янги боғ ва ҳиёбонлар ташкил этилган, табиати ва иқлимга мос дарахт кўчатлари ўтқазилган. Шаҳарнинг барча ҳудудларида замонавий лойиҳалар асосида яратилган фавворалар мавжуд.
Шаҳардаги “Регистон” мажмуаси, “Амир Темур”, “Оқсарой”, “Шоҳи Зинда ёдгорлиги”, “Бибихоним” масжидларида ва бошқа бир қатор тарихий обидаларида реконструкция ишлари бажарилган бўлиб, ЮНЕСКО ташкилотининг 2001 йил Финляндияда ўтказилган 25 сессиясида Самарқанддаги мазкур меъморий-тарихий ёдгорликлар ва бошқа обидалар Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
19.10.2019