Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Сариосиё” темир йўл чегара божхона пости ходимлари Термиз Давлат университетининг талабалари билан “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида давра суҳбати ўтказишди. Давра суҳбатида коррупцияга қарши курашиш борасида Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ишлар ва қонунчилик базаси юзасидан маълумотлар берилди.
Жумладан, 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони мақсад ва вазифалари талабаларга тушунтирилди.
Учрашувда, коррупция мамлакатнинг иқтисодий ривожланишига путур етказувчи демократик институтларни заифлаштирувчи, ижтимоий тартибни бузувчи ва жамият ишончини поймол этувчи иллат сифатида таъкидланиб, мазкур иллатга барҳам беришда давлат органлари ва халқнинг ҳамкорлигини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, тадбир давомида талабалар томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб берилди.
Бу каби давра суҳбатлари аҳолининг ҳуқуқий онгини ўстириш ва шу орқали коррупция каби жамият кушандасига қарши курашишда ўз натижасини бермай қолмайди.
16.10.2019