Бундан ўттиз йил муқаддам – 1989 йилда мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилинган эди. Шундан сўнг тилимизнинг софлиги ва унинг қадрини янада кўтариш учун барча жабҳаларда ибратли ишлар амалга оширилди. Ортда қолган йиллар давомида эзгу ният билан қабул қилинган қонун таъсирида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Собиқ мустабид тузум давридагидан фарқли ўлароқ ташкилотлар ва ўқув юртларида ҳужжатлаштириш, ўзбек тилида расмийлаштирилиш одатий тусга кирди. Бугунги кунда тилимиз нафақат корхоналар ва муассасалардаги йиғилишларда, балки халқаро минбарларда ҳам баралла янграмоқда.
Қабул қилинган қарорда она тилимизга давлат мақоми берилганлигига ўттиз йил тўлиши муносабати билан оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар ўтказиш учун махсус Дастур тасдиқланиши ҳақида сўз боради. Тилимизнинг мавқеини янада ошириш, унинг аҳамиятини ўғил-қизлар онгига сингдириш мақсадида мактабларнинг ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар ёздириш, шаҳарлар ва туманларда тил байрамларини ўтказиш, буюк алломаларимиз ҳақида фильмлар, спектакллар намойишини ташкил этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилган. Шунингдек, тил билан боғлиқ халқаро илмий-амалий ва тилшуносликнинг долзарб масалаларига оид мавзуда республика конференциясини, халқ шоирларининг номлари билан аталадиган ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш кераклиги ҳам таъкидланган.
Хулоса ўрнида мамнуният билан эътироф этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор миллатимизнинг ғурури ва кўзгуси ҳисобланмиш она тилимизга бўлган ҳурмат-эътиборимизни янада ошириб, унга кучли меҳр қўйиб, улуғлаш учун муносиб ҳисса қўшишга даъват этади.
Шуҳрат Хайруллаев,
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси
бошлиғи, божхона хизмати полковниги
15.10.2019