Хусусан, Тошкент халқаро аэропортига хориждан учиб келган фуқаро А.Д.нинг хатти-ҳаракатлари божхоначилар эътиборини тортди ва ушбу шахс белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Натижада, унинг юклари орасидан декларацияда кўрсатилмаган ва божхоначиларнинг оғзаки сўровида маълум қилинмаган 1 дона учувчисиз учиш қурилмаси (дрон) борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 2 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-534-сонли Қонуннинг 1-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2444-моддаси билан тўлдирилган бўлиб, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш бўйича жиноий жавобгарлик белгиланган. Мазкур Қонуннинг 1-моддаси 2019 йил 4 ноябрдан амалга киритилади.
11.10.2019