Китоб мутолааси эса кишида шундай чин инсоний фазилатларни шакллантириб, уни ҳаётда ўз ўрнини топишга, жамиятнинг чинакам аъзосига айланишида, дунёқарашини кенгайтиришда беқиёс аҳамиятга эга. Зеро буюк бобокалонимиз, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари таъкидлаганларидек китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир.
Шу сабабдан бугунги кунда мамлакатимизда китобхонлик тарғиботи йўналишида бир қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Барча ҳудудларда ўтказиб келинаётган “Энг яхши китобхон”, “Энг яхши раҳбар китобхон”, “Энг яхши китобхон оила”, “Ҳарбий китобхон”, “Энг яхши ёш китобхон” танловлари шулар жумласидандир. Албатта бу каби
саъй-ҳаракатлар инсонда китоб ўқишга бўлган рағбатни янада оширади.
Навоий вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган навбатдаги маънавият-маърифат машғулотида ҳам китоб ва китобхонликнинг инсон камолотидаги аҳамияти бўйича фикр юритилди.
Тадбирда Навоий вилоятида “Абдулла Қодирий” ахборот-кутубхона маркази вакиллари иштирок этишиб, китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида фикр юритдилар. Бундан ташқари, ушбу кутубхонада сақланаётган китоблар тури, ҳажми, кутубхонага аъзо бўлиш тартиби, шунингдек бугунги кунда юртимизда энг кўп мутолаа қилинаётган ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Самимий руҳда бўлиб ўтган учрашувда барча иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
10.10.2019