Жумладан, 2017 йилда чегара божхона постлари орқали ҳаракатланган фуқаролар сони 21,7 млн., 2018 йилда 40,3 млн. нафарни ташкил этган бўлса, 2019 йилнинг 9 ойида 31,4 млн. нафарни ташкил этмоқда.
Биргина Андижон вилояти божхона бошқармаси “Дўстлик” чегара божхона пости орқали 2017 йилда 929 минг, 2018 йилда
4 млн. 283 минг нафар фуқаро ҳаракатланган бўлса, 2019 йилнинг
9 ойида ушбу кўрсаткич 3 млн. 84 минг нафарни ташкил этмоқда. Ҳозирги вақтда ушбу пост орқали бир кунда ўртача 16-17 минг нафар фуқаро ҳаракатланмоқда.
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун хорижий давлатлардан товарлар олиб кириш меъёрлари аниқ белгилаб қўйилган бўлсада, айрим сохта тадбиркорлар томонидан бошқа фуқароларни (ташимачиларни) моддий манфаат эвазига ўзларига тегишли бўлган тижорат мақсадидаги сифати кафолатланмаган товарларни божхона постлари орқали, божхона тўловларини тўламаган ҳолда ноқонуний ўтказишга уринишлар кўплаб кузатилмоқда. Мақсад, давлатга ҳеч қандай тўлов тўламасдан ўз манфаати йўлида ноқонуний йўллар билан товарларни олиб кириш.
Божхона органларининг асосий вазифаларидан бири бу давлат бюджетига тегишли божхона тўловларини ундириш, давлат ва жамият хавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, божхона органлари томонидан товар моддий бойликларни божхона чегараси орқали ноқонуний олиб ўтилишини олдини олишга қарши курашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Шу кунга қадар, “Дўстлик” чегара божхона пости ходимлари томонидан жами 742 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 3 млрд. 687 млн. 983 минг сўмлик сифатсиз, яроқлилик муддати ўтган товарлар ушлаб қолинган. Бугунги кунга келиб ушбу божхона постида жами 601 нафар фуқаро ҳуқуқбузар сифатида қайд қилинган бўлиб, 200 дан ортиқ фуқаролар 2 ва ундан ортиқ маротаба жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан сайёр судлар ва профилактик суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда ҳамда фуқароларга қонунчилик талаблари тушунтирилмоқда.
Ташимачилар товарларни “ўз эҳтиёжи учун” ниқоби остида олиб кираётган вақтда божхона органлари ходимлари фуқароларга амалдаги қонунчилик талабларини тушунтириш жараёнида айрим фуқаролар қонунчилик нормаларини тушунишни хоҳламасдан давлат органи ходимларига тажовуз қилишгача бориб етишмоқда.
Масалан, 2019 йил 8 октябрь куни, Ўзбекистон Республикаси фуқароси А.Г ўзига тегишли бўлган умумий қиймати 19,2 млн. сўмлик хорижда ишлаб чиқарилган маиший техника воситалари, кийим-кечак ва хўжалик буюмларини бир гуруҳ моддий манфаат кўриш илинжидаги фуқаролардан фойдаланган ҳолда “Дўстлик” чегара божхона пости орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний олиб кираётганлиги аниқланиб, суриштирув ишлари олиб борилаётган жараёнда мазкур шахслар томонидан божхона ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ҳолатлари содир этилган.
Давлат божхона қўмитаси фуқаролардан божхона қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилишларини сўраб қолади ва ҳар бир ҳолат юзасидан божхона органлари ходимларининг ҳам, фуқароларнинг ҳам ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилади.
10.10.2019