Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлар юзасидан муносабат билдиради
1558
Жорий йилнинг 7 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 2019 йил 1 октябрга қадар хориждан келтирилган юк автотранспорт воситаларига божхона имтиёзларининг қўлланилмаганига доир хабарлар тарқатилди.
Давлат божхона қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқатилган хабарлар юзасидан муносабат билдиради

Мазкур хабарлар юзасидан Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.

Мурожаатлардан бирини Андижон вилояти Пахтаобод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Муқимжон Йўлдошев йўллаган бўлиб, унда таъкидланишича хориждан 2019 йил 29 сентябрда келтирилган юк автотранспорти учун имтиёзлар қўлланилмаганлигини қайд этган.

Мазкур ҳолат ўрганилганда, ушбу фуқаро таъкидлаган, Украинадан келтирилган юк тортгич ва ярим тиркама 29 сентябрь куни “Доут ота” чегара божхона пости орқали юк ортилган ҳолда юртимизга кириб келган.

Амалдаги тартибларга кўра, республикамизга чегара божхона постлари орқали четдан олиб кирилган товар ва транспорт воситаларини импорт божхона режимига расмийлаштириш ташқи иқтисодий фаолият божхона постларида амалга оширилади.

Ушбу ҳолатда ҳам мазкур юклар “Юкни етказиб бериш назорат китобчаси” асосида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Тошкент товар” ТИФ божхона постига назоратга қўйилган ва 2019 йил 3 октябрь куни ушбу постга етиб келган.

Шундан сўнг ушбу постда юклар туширилиб, транспорт воситаларининг расмийлаштируви транспорт воситаси эгасининг жойлашган манзили бўйича расмийлаштирилиши сабабли, мазкур пост ходимлари транспорт воситасини 2019 йил 4 октябрга қадар етказиш шарти билан “Андижон” ТИФ божхона постига юборишган ва ушбу санада транспорт воситаси мазкур постга етиб келган.

Ўзбекистон Республикаси Божхона Кодексининг 3-моддасига асосан божхона ишида божхона органи божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олган куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади.

Мазкур кодекснинг 264-моддасига мувофиқ, божхона декларацияси қабул қилинганлигини расмийлаштириш у топширилган кунда, рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилади. Ўша пайтдан бошлаб, у юридик аҳамият касб этади.

Юқоридаги ҳолатда транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 2019 йил 1 октябрга қадар кириб келишидан қатъий назар, уларни божхона расмийлаштириш учун божхона юк декларациялари        2019 йилнинг 1 октябридан кейин божхона органларига тақдим қилинганлиги сабабли ушбу товарларга божхона имтиёзлари қўлланилмайди.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5755-сон Фармонига мувофиқ мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари учун берилган божхона имтиёзлари 2019 йил 1 октябрдан бекор қилинди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур Фармон талабларини аҳолига етказиш мақсадида  3 ой олдин оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилди.   

Шунингдек, Фармонда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб қишлоқ хўжалиги техникалари, автотранспорт воситалари, автотранспорт воситаларини ишлаб чиқаришда  фойдаланиладиган бутловчи қисмлари, материал ва технологик жиҳозлари импортида қўшилган қиймат солиғидан имтиёзлар бекор қилиниши келтириб ўтилган.

Юқоридагиларга кўра, божхона ходимлари томонидан бугунги кунда ушбу турдаги импорт қилинадиган транспорт воситаларига божхона тўловларидан имтиёз қўлланилиши учун ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги ва белгиланган тартибда божхона тўловлари тўланиши лозимлиги ёки исталган бошқа божхона режимларига жойлаштириш ҳуқуқи мавжудлиги фуқаро Муқимжон Йўлдошевга тушунтирилди.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний хабарларни эълон қилишда оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади.

9.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг