Яқинда бошқарма раҳбарияти бошчилигидаги гуруҳ воҳанинг Китоб ва Шаҳрисабз туманларида бўлиб, ушбу туманларда инвестицион лойиҳалар доирасида ташкил этилаётган корхоналар вакилларига божхона соҳасида тушунтириш ишларини амалга оширди.
Китоб туманида 6 миллион АҚШ долларлик хорижий инвестиция ҳамда 2,5 миллиард сўмлик маҳаллий тадбиркор маблағи ҳисобига ташкил этилаётган “Erkan machinery” (Туркия-Ўзбекистон) қўшма корхонасида тегирмонлар учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш мўлжалланган.
- Мазкур корхона ишга туширилгандан сўнг тумандаги 50 нафар ёшлар иш билан бандлиги таъминланади, дейди мазкур қўшма корхона раҳбари Алижон Эшқобилов. - Корхонада шунингдек импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бу эса вилоят экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Гуруҳ томонидан ўтказилган учрашувда амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича юзага келадиган муаммолар ўрганилди ва амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, тадбиркорларга божхона имтиёзлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Олинган маълумотларга кўра, корхона номига жорий йил ўтган даврида 4 партияда оғирлиги 141,74 тонна, қиймати 238,61 минг АҚШ долларилик асбоб-ускуналари олиб келинди. Ишлаб чиқариш жараёнини тезлаштириш мақсадида “Китоб” ТИФ божхона пости томонидан божхона расмийлаштирувлари кечаю-кундуз амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари учрашувларнинг давоми сифатида Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган “Zondo Decor Invest” корхонасига борилди. Сунъий гранит ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурилиши лойиҳаси билан танишилди ҳамда юзага келадиган муаммолар атрофлича ўрганилди. Мавжуд имкониятлар ҳамда имтиёзлар билан таништирилди.
Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида мамлакатимизга энг сўнгги технологиялар олиб кирилиши билан бир қаторда импорт ўрнини босувчи экспортбоп товарлар ишлаб чиқарилишини жадаллашишига олиб келади ҳамда янги иш ўринлари яратилади.
Қашқадарё вилояти
божхона бошқармаси
Ахборот хизмати
8.08.2018