“Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона пост бошлиғи, божхона хизмати подполковниги Рустам Ахмеджанов оммавий ахборот воситалари ходимларига божхона соҳасида бўлаётган ислоҳотлар, тадбиркорларга берилаётган имтиёзлар ва енгилликлар ҳамда божхона пости томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил ахборот бериб ўтди.
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, уларнинг вақтларини тежаш ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнини ўртача вақтини қисқартириш мақсадида “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона постининг таркибида “Каттақўрғон” божхона пункти ҳамда “Зарафшон” ва “Жомбой” темир йўл станциялари ҳудудида божхона пунктлари мавжуд.
“Зарафшон” божхона пункти 2018 йилнинг октябрь ойида Зарафшон темир йўл станцияси ҳудудида ташкил этилган бўлиб, постга экспорт-импорт қилинган транспорт воситаларидаги товарларнинг 20 фоиздан ортиғини ҳамда товарлардан ундириладиган божхона тўловларининг 18,7 фоиздан зиёд божхона расмийлаштирувини амалга оширади.
“Жомбой” божхона пункти “Жомбой” темир йўл станцияси ҳудудида жойлашган. Божхона пунктида постга экспорт-импорт қилинган транспорт воситаларидаги товарларни расмийлаштирувини 16 фоиздан ортиғи, товарлардан ундириладиган божхона тўловларининг 3 фоизидан ортиғини расмийлаштирувини амалга оширади.
“Каттақўрғон” божхона пункти 2018 йилнинг апрель ойида “Каттақўрғон” ТИФ божхона пости ўрнида ташкил этилган. Божхона пунктида постга экспорт-импорт қилинган транспорт воситаларидаги товарларни расмийлаштирувини 4 фоиздан ортиғи, товарлардан ундириладиган божхона тўловларининг 6 фоизидан ортиғини расмийлаштирувини амалга оширади.
“Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости томонидан вилоятда мавжуд 12 та темир йўл бекатлари орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган ва чиқиб кетаётган ҳамда транзит ҳаракатланаётган товарлар устидан самарали божхона назорати амалга оширилмоқда.
“Каттақўрғон” божхона пункти томонидан 5 та темир йўл станциялари (Нурбулоқ, Каттақўрғон, Разъезд-28, Зирабулоқ, Зиёвуддин), “Зарафшон” божхона пунктидан 1 та темир йўл станцияси (Зарафшон), “Жомбой” божхона пунктидан эса 2 та темир йўл станциялари (Жомбой, Булунғур) орқали амалга оширилаётган экспорт-импорт операциялари устидан божхона назорати ва расмийлаштируви амалга оширилади.
Қолган 4 та темир йўл станциялари (Жума, Мароқанд, Улуғбек, Самарқанд) орқали амалга оширилаётган экспорт-импорт операцияларининг божхона назорати ва расмийлаштируви “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.
“Улуғбек” ТИФ божхона постининг ташқи савдо айлануви 2019 йилнинг 9 ойи давомида 609,63 млн. АҚШ долларини ташкил қилди.
Шунингдек, мазкур божхона пости томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида давлат бюджетига ўтказилган маблағлар 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 113,17 млрд. сўмга ёки 54,7 %га кўп ундирилди.
Ушбу даврда жами ўтказилган божхона кўриклари бўйича 4337 та божхона кўриги далолатномалари расмийлаштирилган бўлиб, шундан 540 таси “Экспорт”, 3797 таси “Импорт” божхона режимига расмийлаштирилди. Божхона кўриклари давомида 14 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, қиймати 856,5 млн. сўмга тенг бўлган товар-моддий бойликлар далилий ашё сифатида олинган.
“Зарафшон” божхона пунктига яқин ҳудудида жойлашган “Сам-Антеп Гилам”, “Сиёб Саховати” ҳамда “Pulsar Trade Brewery” ва бошқа ташкилотларнинг темир йўл тармоқлари келтирилган. Шунингдек, божхона пунктига яқин ҳудудда 4 та “очиқ” турдаги божхона омборлари мавжуд.
2019 йил 9 ойи давомида 45 та ТИФ қатнашчилари томонидан 465 та темир йўл вагонлари орқали қиймати 6,7 млн. АҚШ доллари, вазни 10 843 тн. товарлар экспорти амалга оширилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сонли Фармон талабларига асосан божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Республиканинг 53 та ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орасида жорий йилнинг январь ойида товарларни “импорт” божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича (2:44:55) “Улуғбек” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости биринчи ўринни, февраль ойида иккинчи ўринни (2:56:25) эгаллади.
Эътибор қаратадиган бўлсак, авваллари божхона расмийлаштируви жараёни 3 иш куни ичида амалга оширилган бўлса, эндиликда тадбиркорларнинг вақти тежалиб, ушбу жараён маълум бир дақиқаларда амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 апрелдаги ПФ-5414-сонли Фармонига асосан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини (БЮД) Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.
Натижада 2018 йил июль-декабрь ойларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 15,5 фоиз, брокер ташкилотлар томонидан эса 84,5 фоиз БЮДлари электрон тарзда тўлдирилиб, божхона органларига тақдим этилган. Бу борадаги кўрсаткичлар 2019 йил январь-сентябрь ойларида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан 24 фоизни, брокер ташкилотлар томонидан эса БЮДларини тақдим этишлари 76 фоизни ташкил этганлигини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда вилоятда турли хўжалик юритувчи субъектлар томонидан таъсис этилган 34 та божхона омборлари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 25 таси очиқ турдаги ва 9 таси ёпиқ турдаги божхона омборларини ташкил этади.
Божхона омборлари ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 декабрдаги “Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 1028-сонли қарор билан тасдиқланган Низом талаблари асосида олиб боради.
2019 йил 1 март кунидан бошлаб божхона омбори фаолиятини лицензиялаш жараёнини янада соддалаштириш мақсадида лицензия лицензияловчи орган яъни Давлат божхона қўмитаси томонидан амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда, ушбу Низом талаблари ва шартларига мувофиқ бўлиши шарти билан берилади.
Ҳозирда “Temur servis plus” МЧЖга қарашли очиқ турдаги божхона омборида 20 партия, қиймати 266,30 минг АҚШ доллар, 137,54 тонна оғирликдаги товарлар сақланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 ноябрдаги ПФ-5582-сонли Фармон талаблари асосида божхона кўриги жараёнларини ёзиб олиш мақсадида мазкур божхона омборига 3 та кузатув камералари ўрнатилган.
Шунингдек, бугунги кунда “Сам-Антеп-Гилам” МЧЖ қўшма корхонасига тегишли очиқ турдаги божхона омборида 154 партия, қиймати 5019,78 минг АҚШ доллар қийматидаги, 3575,51 тонна оғирликдаги товарлар сақланмоқда. Омборда 2 та кузатув камераси ишлаб турибди.
Бугунги кунда тадбиркорлар ва жисмоний шахслар иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ва вилоят божхона бошқармасининг (66)-233-63-00 рақамли “Ишонч телефони” 24 соат давомида ишлаши йўлга қўйилган.
Медиа-турда оммавий ахборот воситалари вакилларига божхона соҳаси бўйича кўпроқ маълумотга эга бўлишлари ҳамда кенгроқ мақолалар ёритишлари учун буклетлар тарқатилди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ташкил қилинган бу каби медиа турларда журналистлар энг аввало соҳанинг ичига кириб бориш ва соддалаштирилган божхона йўлаги механизмининг фаолияти билан танишиш имконига эга бўлишди. Бу эса табиийки, улар томонидан тайёрланадиган материалларнинг янада cифатли ва таъсирчан бўлишига хизмат қилади.
8.10.2019